Афғонистонда 1980 йилда бедарак кетган ўзбек аскари топилди

    6E8E4305-3DD8-4FD0-9526-E1CB1F84C665_w268_r1_cx0_cy8_cw0

    Аскар Баҳриддин Ҳакимов 1980 йилда Афғонистонда бедарак кетганлар рўйхатида эди. Яқинда у Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида топилган. 12uz.com порталининг ёзишича, у Самарқанд вилоятидаги қариндошлари билан учрашиши мумкин. Бу ҳақда ҳарбий-ветеранлар жамиятининг вилоят бўлими раҳбари Эсон Ҳасанов маълум қилган.

    Унинг сўзларига қараганда, масала бир ҳафта ичида ҳал қилиниши керак. Ҳакимовнинг ота-онаси қазо қилган бўлиб, ёлғиз акаси бор. Акаси Шароф Ҳакимов истеъфодаги милиция подполковники бўлиб, ўз укасини суратидан аниқлаган.

    Маълумотларга кўра, Баҳриддин Ҳирот атрофидаги 101-мото-ўқчи полкда хизмат қилган. 1980 йилги жангда жиддий жароҳатланади. У маҳаллий аҳоли қарамоғида қолади. Уни маҳаллий табиий воситалари ёрдамида даволашган. Ҳозирги кунда ўзи ҳам табиблик билан машғул. У Шайх Абдулла номини олган бўлиб, кейинчалик уйланган, хотини вафот этгач, ёлғиз ҳаёт кечирган. Унинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар йўқ. Рус тилини тушунса-да, базур гапиради. Унинг асаб тизими жиддий лат еган бўлиб, қўллари қалтирайди, базур сўзлайди. Лекин у чақириққа қадар яшаш жойини ҳамда ота-онаси исмини ёдга ола олган.

    Шуни айтиб ўтиш керакки, 1979 йилдан 1989 йилга қадар собиқ Иттифоқнинг Афғонистондаги 40-армияси сафида 65 минг нафар ўзбекистонлик иштирок этган. Улардан 1512 нафари қурбон бўлган, 2500 нафари ногирон бўлиб қайтган.

    РИА Новостининг ёзишича, Баҳриддин Ҳакимовни МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши ҳузуридаги ветеран-интернационалистлар масаласи бўйича қўмита вакиллари топишга муваффақ бўлишган.