Роберт Блейк: “Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари мақтовга лойиқ”

robert_blake_112860_112860f

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осий ишлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк шу йилнинг 13 март куни Америкалик турклари қурултойида қилган маърузасида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолаган. Бу ҳақда 12uz.com янгиликлар портали хабар тарқатди.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари учун ЖСТ доирасида амал қиладиган “баҳсларни ҳал этишнинг қоидаларга асосланган ягона бетараф механизмлари” фойда келтириши аниқ. Бу, шунингдек, биз равнақига ҳам хизмат қилади. “Тожикистон ЖСТга кириш учун барча тайёргарлик ишларини якунлади. Қирғизистон аллақачон ушбу ташкилот аъзоси. Ушбу мақсадлар йўлида Қозоғистон ва Афғонистон муваффақиятли бормоқда. Ўзбекистоннинг бу борадаги янги қадамлари ҳам мақтовга арзийди”, деди Роберт Блейк жумладан.

Яқинда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Илҳом Неъматовнинг Марказий Осиё ва Кавказ институтида ташкил этилган «ЖСТ ва Марказий Осиё» экспертлар муҳокамаси чоғида қилган маърузасида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши борасидаги музокаралар давом этмоқда, аммо шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши, биринчи навбатда, Ўзбекистон иқтисодиёти манфаатларига хизмат қилиши керак ҳамда мамлакатда бандлик, божхона ҳамда иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмаслиги керак, деб таъкидлади.

Элчи жанобларининг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ушбу ташкилотга аъзо бўлиш мамлакат меҳнат ресурсларига, саноатига, қишлоқ хўжалигига қандай таъсир кўрсатишини чуқур таҳлил қилиб чиқиши керак бўлади.

«АҚШнинг Халқаро ҳаморлик бўйича агентлиги томонидан тайёрланган маърузага кўра, бу, шак-шубҳасиз, мамлакат автомобиль ва текстиль саноатига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун бизнинг иқтисодчилар бунга жуда жиддий чуқур ёндашишмоқда. Биз ЖСТ котибияти, ҳамкорларимиз билан Ўзбекистон қандай шароитлар асосида ушбу ташкилотга аъзо бўлиши мумкинлигини муҳокама қилаяпмиз», деди элчи жаноблари.

Илҳом Неъматов «Мен Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш масаласига нега жиддий эътибор қаратаётганлигига бир мисол келтиришни истардим. Мустақилликнинг илк йилларида иқтисодиётимизда фақат пахта ҳукмронлиги ўрнатилган эди, биз ўша пайтда 6  миллион тонна пахта етиштирар эдик. Ўзбекистон ҳукумати узоқ муддатли ислоҳотларни амалга оширди. Айнан шу ислоҳотлар самараси ўлароқ биз иқтисодиётимизни диверсификация қилишга муваффақ бўлдик. Биз бугун «Женерал Моторс» компанияси билан ҳамкорликда тайёрланган юқори сифатли автомобилларни экспорт қиляпмиз. Ўтган йигирма йил давомида 120 миллиард доллардан ортиқ инвестиция мамлакат иқтисодиётига жалб қилинди… Шунинг учун биз ЖСТга аъзо бўлиб киришдан нима ютқазишимиз-у, нима ютишимизни билишимиз керак», деди.

Илҳом Неъматов сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон миллий қонунчиликни ЖСТ норма ва қоидаларига уйғунлаштириш чоралари устида иш олиб бормоқда. Иккинчидан, мамлакатда идоралараро ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, у Ўзбекистон ва ЖСТ ўртасидаги музокаралар жараёнини мувофиқлаштириб бормоқда. Учинчидан, ЖСТ котибияти билан ишлайдиган кенгаш тузилган бўлиб, ЖСТ билан ҳамкорлик масалаларида 9 та ишчи гуруҳ иш олиб  бормоқда.