Аҳмад Усмонов Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланди

    Тошкент вилояти фаолларининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таклифига биноан, шу пайтга қадар Андижон вилояти ҳокими вазифасини бажариб келган Аҳмад Усмонов вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.

    Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 15-банди ва 102-моддасига мувофиқ Рустам Холматов Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган. Вилоят ҳокимини ишдан олишга туртки берган омиллар ҳақида яна батафсил ахборот берамиз.

    93-модданинг 15-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан вилоятлар ҳокимларини ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимини қонунга мувофиқ тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади. Конституцияни, қонунларни бузган ёки ўз шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини Президент ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли.

     

    Аҳмад Усмонов 1957 йил 14 январда Кўшработ туманида туғилган. Олий юридик маълумотга эга. 1981 йилда Самарқанд давлат университетини ҳуқуқшунос мутахассислиги бўйича тамомлаган. 1974 йилдан 1976 йилгача – Жиззах вилояти Октябрь тумани «Уч каҳрамон» қишлоқ кенгашининг котиби. 1981 йилдан 1982 йилгача – Жиззах вилояти Арнасой туманидаги «Рокосовский» давлат хўжалигининг юрист-маслаҳатчиси. 1982 йилдан 1983 йилгача – Жиззах шаҳар ички ишлар бўлимининг катта инспектори. 1983 йилдан 1990 йилгача – Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ички ишлар бўлимининг инспектори, участка катта инспектори. 1990 йилдан 1993 йилгача – Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари – қидирув бўлимининг бошлиғи. 1993 йилдан 1996 йилгача – Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ички ишлар бўлимининг бошлиғи. 1996 йилдан 2001 йилгача – Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари. 2001 йилдан 2003 йилгача – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси бошлиғи. 2003 йилдан 2004 йилгача – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари. 2004 йилдан 2006 йилгача – Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи. 2009 йил 27 декабрдан – халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашининг депутати. ЎзЛиДеП аъзоси.