Тошкентда Амир Темур таваллудининг 677 йиллиги нишонланди

tashkent_22

9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик, юртимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди, деб хабар Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

Халқаро Амир Темур жамғармаси раиси Нозим Ҳабибуллаев, Италия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Манара Риккардо,  ёзувчи Нормурод Норқобилов, архитектура доктори, профессор Додо Нозилов Соҳибқирон нафақат ўз давридаги энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки ўз вақтида Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, дунё цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкор эканлигини қайд этишди.

Соҳибқирон шахсига қизиқиш халқаро майдонда тобора ортиб бормокда. Бу беназир зотнинг қандай миллий замин ва тарихий шароитда ўсиб-улғайгани, қай тариқа шундай юксак чўққиларга кўтарилгани, давлат арбоби, енгилмас саркарда ва инсон сифатидаги фазилатлари, ички дунёси ва кечинмалари ҳақида янги-янги асарлар яратилмоқда.

Бугун мамлакатимизда миллий давлатчиликни шакллантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, фарзандларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этиш, ёшларни жисмонан, ақлан ва маънан юксалтириш борасидаги барча ислоҳотлар Амир Темур бобомизнинг дунёқараши ва тутумларига моҳиятан уйғундир.

Соҳибқирон “Тузуклар”ида “яна амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нима олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили (эса олиқ-солиқ) қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғсинлар”, деб ёзади. Бугун мамлакатимизда ҳам қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, тадбиркорларга кенг имтиёзлар берилмоқда. Бунинг самарасида бугун мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 83,6 фоиздан ортиғи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда.

Амир Темур даврида фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, дарҳол керакли ускуналар етказилиб, ёрдам берилган.

Тадбирда Ўзбек миллий академик драма театри актёри Толиб Мўминов Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” драмасидан Амир Темур монологини ўқиб берди.

Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.Боситхонова, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов иштирок этди.