Бош прокурор ҳисобот берди

    Бош прокурор ўз ҳисоботида фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида яратилган норматив-ҳуқуқий базани, ташкилий-ҳуқуқий механизмларни рўёбга чиқариш борасидаги иш шу куннинг талабларига ҳали тўлиқ жавоб бермаслигини қайд этган. Жойларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун талабларини мансабдор шахслар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан инкор этиш, фуқароларнинг мурожаатлари, шикоятлари юзасидан чоралар кўрмаслик, фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий, меҳнат ва бошқа манфаатларига дахлдор масалаларни ҳал қилишда суиистеъмолларга йўл қўйиш ҳолатлари мавжуд. Бундай камчиликлар Давархитектқурилиш, Давгеодезеркадастр, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқаларнинг фаолиятида аниқланган.

    Прокуратура органлари ўзларининг ҳуқуқни ҳимоя қилиш вазифаларини амалга ошира бориб, қонунлар, шу жумладан, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш соҳасидаги бошқа қонун ҳужжатлари аниқ ва бир хилда ижро этилишини назорат қилиш якунлари бўйича 2012 йилда давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қонунчилик талабларига мос бўлмаган ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларига дахлдор бўлган 1350 та ҳужжатига протест келтирган. Инсон ҳуқуқлари бўйича қонун ҳужжатларининг талабларини инкор этиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўрмасдан қолдириш, улар кўтараётган муаммолар бўйича чоралар кўрмаслик ҳолатлари юзасидан прокурорларнинг қарорлари ва тақдимномалари асосида тегишли мансабдор шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, жиноят ишлари қўзғатилган ҳолатлар мавжуд.