Фуқаро мурожаатига 15 кунда жавоб берилиши керак

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ишлаб чиқилган лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий тажриба ўтказиш ташаббуси илан чиқди. Ушбу ташаббуси мамлакат президенти томонидан қўллаб-қувватланиб, махсус фармойиш қабул қилинган. Ташаббусга кўра, 2013 йил давомида Бухоро ва Самарқанд вилоятларида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси синовдан ўтказилади.

    “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунда жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида хабардор қилиш процедураси белгиланган, аҳоли, жамоат бирлашмаларининг улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ҳамда қонуний манфаатларига тааллуқли қарорлари тўғрисидаги ахборотдан янада кенг фойдаланишини таъминлаш кўзда тутилган.

    Бухоро ва Самарқанд вилоятлари давлат тузилмаларидан ташқари оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, уларнинг ишлари ҳақида ахборот олишдан манфаатдор юридик ҳамда жисмоний шахслар ҳам мазкур тажрибанинг иштирокчилари ҳисобланади.

    Ҳуқуқий тажриба қонун лойиҳасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралигини янада тўлиқ таъминлаш, аҳолини мамлакатимизни демократик янгилаш ҳамда модернизация қилиш жараёнлари ҳақида хабардор қилишда фуқаролик институтлари, шу жумладан ОАВнинг роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган нормалари самарадорлигини амалда текшириб кўриш имконини беради. Бундан ташқари, тажриба давомида журналистлар фаолиятининг сифати ва самарадорлигини изчил ошириш мақсадида уни журналистларнинг ўзи тартибга солиши бўйича турли механизмлар ҳам синаб кўрилади.

    Масалан, жисмоний ва юридик шахсларнинг расмий талаби у рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн беш кундан ошмайдиган муддатда, оммавий ахборот воситаларининг тажриба субъектлари фаолияти, унинг мансабдор шахслари билан интервью ташкил қилиш тўғрисидаги талаби эса етти кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилиши шарт. Бунда ахборот олиш талаблари ёзма, жумладан, электрон ҳамда оғзаки шаклда бўлиши ва бевосита, ахборот олишдан манфаатдор шахсларнинг ваколатли вакиллари орқали юборилиши ҳам мумкин. Тажриба давомида олинган натижалар таҳлили асосида қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.