Тошкентда гаражлар бузилиши ҳақидаги қарор эълон қилинди

    100321a

    “Тошкент оқшоми” газетаси Тошкент шаҳар ҳокимининг шу йил 8 апрелдаги қарорини эълон қилди. “2013 йил «Обод турмуш йили» Давлат дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларининг ижросини таъминлаш мақсадида, Тошкент шаҳрини янада ривожлантириш ва ободонлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда”, дейилади жумладан қарорда.

    Қарорда қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг аҳоли зич жойлашган мавзелари кесимида «Намунавий маҳалла» дастури асосида кенг кўламли ободонлаштириш, кўп қаватли турар жой биноларини, ер ости муҳандислик тармоқларини, ҳудудлараро йўл ва йўлакларни қайта таъмирлаш, спорт ва болалар майдончаларини ташкил этиш ишлари маҳаллий ҳокимликлар томонидан босқичма-босқич амалга оширилиши устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

    Шаҳар ҳокимлигининг қарорида келтирилишича, Тошкент шаҳрида шаҳарсозлик норма ва қоидалари талабларига жавоб бермайдиган автомототранспортлар сақлаш қурилмалари ободонлаштириш ишларини олиб боришда тўсқинлик қилиб келмоқда.

    Шу боис Тошкент шаҳар аҳолисининг автомототранспорти турар жойларини ташкил қилиш ҳақидаги таклифлари ҳамда мутасадди ташкилотлар ва мутахассисларнинг хулосаларидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида ўрнатилган автомототранспорт сақлаш қурилмалари жойлашган ер участкаларини олиб қўйиш ва улар ўрнига замонавий енгил турдаги автомототранспортлар учун турар жойларни ташкил этиш тўІрисидаги «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ёнғинга қарши кураш бошқармаси, Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва бир қатор жамоат ташкилотларининг таклифлари маъқулланган.

    Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда турар жой мавзеларида ташкил этиладиган автомототранспортлар турар жойларининг батафсил ягона намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиши кўрсатиб ўтилган.

    Шунингдек 2013-2014 йилларда Тошкент шаҳридаги барча ўрнатилган автомототранспорт сақлаш қурилмаларини босқичма-босқич олиб, улар ўрнига ҳар томонлама шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига жавоб берадиган, замонавий автомототранспортлар турар жойларини ташкил этиш белгиланган.

    Унга мувофиқ, туман ҳокимлари, биринчи навбатда, автомототранспорт сақланаётган қурилма эгаларига автомототранспортлар турар жойлари ажратиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштириши топширилган.