Ўзбекистонда қишлоқларни газлаштириш даражаси 76,2 фоизга етган

1309281506_img_0577

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда қишлоқ аҳолисини марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 75,8 фоизни, табиий газ билан таъминлаш даражаси эса 76,2 фоизни ташкил этмоқда. “Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзуидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон Президенти маълум қилди.

Жорий йилда қишлоқ жойларида уй-жойларни кенг кўламда қуриш ишлари кўзда тутилган. 353 та қишлоқ массиви ҳудудида бошланган қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Уларда намунавий лойиҳалар асосида умумий майдони 1,4 миллион квадрат метр бўлган 10 мингта уй-жой қуриш кўзда тутилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 17,5 фоиз кўпдир. Айни пайтда узунлиги 300 километрдан ортиқ ичимлик суви тармоқлари ва 280 километрдан зиёд электр тармоқлари ишга туширилади, қарийб 240 километрлик автомобиль йўллари қурилади, кенг кўламли ижтимоий ва бозор инфратузилмаси яратилади. Бу мақсадлар учун 2013 йилда салкам бир миллиард доллар миқдоридаги инвестиция йўналтирилади.

Шуни айтиб ўтиш керакки, қишлоқда яшайдиган одам уйнинг намунавий лойиҳасини танлаганидан сўнг дастлабки бадал сифатида уй қийматининг 25 фоизи миқдоридаги ўз маблағини тўлайди. Унга қулай шартлар асосида узоқ муддатга – 15 йилга имтиёзли фоиз ставкаси бўйича – биринчи йил белгиланган фоизни тўламаслик шарти билан – 7 фоиз миқдоридаги ипотека кредити берилади.

Намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини кредит асосида молиялашни “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик-тижорат банки амалга оширмоқда. Унинг низом жамғармаси бугунги кунда қарийб 130 миллион доллар миқдоридаги маблаққа тенгдир. Мазкур банк ташкил этилганидан буён ўтган тўрт йил мобайнида қишлоқда 23,6 минг нафар якка тартибда уй-жой қурувчига қиймати 677 миллион доллардан зиёд ипотека кредитлари берилди.