Тарих. Қизил армиянинг Бухорога босқини

78

Хивада хонлик тузумининг ағдариб ташланиши ва янги режимнинг ўрнатилиши большевикларнинг “Шарққа доир сиёсати”нинг фақат биринчи босқичи эди. Бу босқич “муваффақиятли” амалга оширилгач, совет ҳокимияти ва унинг ҳарбий кучлари бўлган қизил армия бутун эътиборини Бухоро амирлигини қулатиш, уни советлаштириш ва руслаштиришга қаратди.

Бухоро амирлигини ҳам Хива хонлигининг фожиавий қисмати кутаётганлигини яхши тушунган амир Саид Олимхон шошилинч равишда ўз мамлакатининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга уринади. Бухоронинг дахлсиз чегараларини, унинг эркинлигини ҳимоя қилишга қаратилган бу саъй-ҳаракатларни совет режими амир ҳукумати совет Туркистонига (Туркистон АССРга) ҳужум қилишга тайёрланмоқда, деб кўрсатишга бутун чоралар билан уринди.[1] Ҳақиқатда эса ҳамма нарса аксинча эди. Айнан совет режими ва большевиклар суверен Бухоро давлатига ҳарбий интервенция қилиб, уни босиб олиш режаларини мўлжаллашди. Ўзининг босқинчилик режасини яшириш ва аҳолининг диққат-эътиборини чалғитиш мақсадида большевиклар атайлаб юқоридаги ёлғонни ўйлаб чиқарган ҳамда бутун тарғибот – ташвиқот машинасини жамоатчилик назарида “ёвуз ва қонхўр амир Олимхон” қиёфасини шакллантиришга йўналтирган эди.

Москвада Бухоро амирлигига бостириб кириш ва уни тугатиш режаси зўр бериб ишлаб чиқилаётган эди. 1920 йил 21 майда РСФСР Ташқи ишлар халқ комиссарининг ўринбосари Л.М. Карахан большевиклар ҳукумати бошлиғи В.И. Ленинга йўллаган телеграммасида бундай деб ёзган эди: “Биз Туркистон комиссияси билан тўла ҳамжиҳатликда Тошкентдаги вакилларимизга амирни тугатишни ва Бухорода демократик республика тузишни, унга Ёш бухороликларни (эндиликда эса коммунистларни) бошлиқ қилиб қўйишни таклиф этамиз”.[2]

РКП(б) МК Сиёсий бюроси ҳам 1920 йил 22 майда Л.М. Карахан таклифини қабул қилди ва маъқуллади. Совет Россиясининг Туркистон АССРдаги ҳарбий қисмларига Бухоро амирлигини босиб олишга пухта тайёргарлик кўриш вазифаси юклатилди. Хуллас, Бухоро амирлиги қизил армия томонидан босиб олинадиган, бу ердаги “инқилоб” натижасида республика ўрнатиладиган бўлди. Шу тариқа “Бухоро масаласи” ва тақдири ундан анча олисда, Москванинг Кремлида олий сиёсий раҳбарият томонидан ҳал қилинди. Бу воқеалардан хабар топган Амир Олимхон вазиятни юмшатиш, интервенциянинг олдини олиш мақсадида 1920 йил 8 июнда Мирзо Маъди Хўжабой бошчилигидаги Бухоро элчиларини Москвага жўнатди. Улар Г.В. Чичерин билан музокаралар ўтказиб, ҳар икки давлат ўртасида тинч-тотув яшаш, ички ишларга аралашмаслик, савдони ривожлантириш масалаларига тааллуқли шартномалар имзолаб қайтдилар.[3]

Бироқ Туркистон комиссияси аъзоси, Туркистон фронти қўмондони М.В. Фрунзе Бухоро амирлигига қарши ҳарбий ҳаракатларни тезлаштиришни сўраб, 1920 йил 31 июлда совет Россияси ҳукумати раиси ва большевиклар раҳбари В.И. Ленинга телеграмма жўнатади. РСФСР Қуролли кучлари Олий бош қўмондони С.С. Каменов бу телеграммага “қулай фурсатда бошлашга рухсат берилади” деб қисқа жавоб юборган. Қизил армия август ойи мобайнида Бухорони зўравонлик билан босиб олишга жиддий тайёргарлик кўрди.

1920 йил 12 августда М.В. Фрунзе амирликни тугатиш мақсадида Самарқанд – Бухоро фронтини (4 та зарбдор гуруҳдан иборат) тузишга буйруқ берган. Шу тариқа пойтахт Бухоро шаҳри атрофига 7000 пиёда, 2500 отлиқ аскар, 46 та тўп, 230 та пулемёт, 10 та бронеавтомобиль, 5 бронепоезд ва 12 аэроплан (ҳарбий самолёт) шай ҳолатга келтириб қўйилди. Туркистон фронти жангчиларидан ташқари кейинчалик ҳарбий амалиётларда 5000 кишидан иборат бухоролик қўзғолончилар гуруҳи (амирга қарши мухолифат кучлари ҳам) қатнашди.[4] Бироқ сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотларнинг кўрсатишича, аслида М.В. Фрунзе қўмондонлигидаги 70 000 нафар қизил аскарлар Бухоро амирлиги ҳудудига ҳужум қилганлар. Бу ҳарбий қисмларнинг кўпчилиги Фарғона водийсида истиқлолчиларга қарши курашаётган қизил аскарлар бўлиб, улар август ойи охирида амирлик чегараларига ташланди. Қизил аскарлар орасида татар ўқчилари ҳам кўп бўлган.[5] Бухоро ҳукумати ихтиёрида эса 8725 пиёда аскар (асосан навкарлар) ва 7850 отлиқ сарбозлар, фақат 150 та атрофида эски пилта тўплар, бир неча ўнлаб замонавий тўплар, 20 та пулемёт бўлган. Шунингдек, амирликнинг мунтазам қўшинидан ташқари жуда ҳам ёмон қуролланган 20 000 нафар халқ лашкари ҳам бўлиб, улар жангларга мутлақо тайёр эмас эди.[6] Бухоро амирлиги қўшбегиси (бош вазир) Усмонбек ва ҳукумат аъзоси Бақо Ҳожи Тўқсабонинг маълумотларига кўра, 1920 йил август ойи охирида Эски Бухоро ва унинг атрофида қўшиннинг умумий миқдори (халқ лашкари билан биргаликда) 20 000 киши атрофида бўлган.[7] Пала-партиш қуролланган ва етарлича ҳарбий амалиётга эга бўлмаган Бухоро армиясини тиш-тирноғигача қуролланган, замонавий ҳарбий техника билан таъминланган ва катта жанговар тажрибага эга қизил армиянинг ҳал қилувчи ҳужумига дош бермаслиги олдиндан маълум эди.

Туркистон комиссияси (Турккомиссия) Бухородаги амирлик режимига қарши турувчи мухолифат кучларини жипслаштириш ва мамлакатда тўнтариш ҳозирлаш билан бевосита шуғулланди. Айнан, Туркистон комиссиясининг раҳбарлигида 1920 йил 24 июндаёқ Бухорода қуролли қўзғолон тайёрлаш бўйича ҳарбий-инқилобий бюро тузилган бўлиб, унинг таркибига Туркистон комиссияси аъзолари М.В. Фрунзе ва В.В. Куйбишев, Туркистон Компартияси МК котиби Назир Тўрақулов, Бухоро Компартияси МК котиби Нажиб Ҳусаинов, инқилобчи Ёш бухороликлар партияси Марказий бюросининг раиси Файзулла Хўжаев ва бошқалар кирган эди. Ҳарбий-инқилобий бюро хитобнома ва декретларнинг лойиҳаларини тайёрлади, уларни “инқилоб” ғалаба қозонадиган куни Бутунбухоро Инқилобий қўмитаси (ревком) номидан эълон қилишни мўлжаллаган эдилар. 1920 йил 10 августда Туркистон комиссияси, Бухоро Компартияси Марказий Комитети ва инқилобчи Ёш бухороликлар партияси Марказий бюросининг қўшма мажлисида Файзулла Хўжаев бошчилигида Бухоро Халқ Нозирлар Шўроси ҳукумати ва Аҳмаджон Абдусаидов (Ҳамдий) раислигида Бухоро Муваққат Инқилобий қўмитаси (ревком) тузилди,[8] улар амирлик ағдариб ташлангандан кейин Бухоро давлатини бошқаришлари лозим эди. 23 августда бўлган Туркистон комиссиясининг навбатдаги мажлисида Бухоро “инқилобий” ҳукуматининг дастури муҳокама этилди ва қабул қилинди.[9] Бироқ қизил аскарлар Бухорони босиб олгач, бу ҳукумат тузилмаларида анча ўзгаришлар қилинди.

Шундай қилиб, Бухорода ҳали “инқилоб” бошланмасдан туриб, Тошкентда РКП (б) МК ва РСФСР ҳукуматининг ваколатли органлари бевосита раҳбарлигида “инқилоб” ғалаба қозонгандан кейин ўрнатиладиган янги тузум ва давлат шакли қандай бўлиши кераклиги аниқлаб олинди, янги ҳукумат органларининг тартиби, уларнинг дастури, декретлари ва бошқа ишлар белгилаб қўйилган эди. Гап энди фақат даъват қилиниши лозим бўлган “инқилоб”нинг ўзини амалга оширишда қолган эди.[10] Бу жараёнларда Бухоро коммунистик партияси ва инқилобчи Ёш бухороликлар партияси раҳбарлари ўртасида кескин тортишувлар ва жиддий мунозаралар бўлган бўлса ҳам улар Россия большевиклари фикрини қабул қилишди ва ҳарбий ёрдам сўралди.

1920 йил 21 августда Туркистон фронти қўмондони М.В. Фрунзе ва Туркистон фронти Ҳарбий инқилобий кенгаши аъзоси Ю. Иброҳимов РСФСР ҳарбий ишлар халқ комиссари Л.Д. Троцкий номига телеграмма йўллаб, Бухорони босиб олишга ҳамма нарса тайёр эканлигини маълум қилишганида, большевикларнинг раҳбарларидан бири И.В. Сталин бу телеграммага “ўртоқ Фрунзе рецептига кўра зудлик билан ҳаракат қилинг”, деб резолюция қўйган.[11] Бу жумланинг остига эса В.И. Ленин ва Н.И. Бухарин “розиман” деб қўл қўйишган.[12]

1920 йил 16-18 августда Чоржўйда Бухоро коммунистларининг 4-съезди бўлиб, у амирга қарши қўзғолон кўтариш тўғрисида қарор қабул қилган. Большевикларнинг маккорона режалари амалга оша бошлаган. Тарихда “ялпи қўзғолон” деб аталган ҳаракат 1920 йил 23 августда коммунист Бешим Сардор бошчилигидаги ёлланма туркман отлиқларининг Чоржўй яқинидаги Сақор Бозор қишлоғини ишғол қилиш билан бошланди. Бешим Сардор ва Янги Чоржўй коммунистлари дарҳол Эски Чоржўйни ишғол қилганлар, юздан ортиқ амалдорлар қамоққа олинган. Чоржўй беклиги хазинаси қўлга киритилиб, бу бойликлар дарҳол Чоржўй ревкоми ва янги ҳукумат қўлига ўтган.[13] Большевиклар билан бўлган аввалги келишувга кўра шу куни Чоржўй ревкоми “Бутунбухоро халқи номидан” Туркистон фронти қўмондонлигига ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ваҳоланки, Бухоро халқи коммунистлар съезди қароридан ҳам, Бешим Сардор исёнидан ҳам бехабар эди. Хуллас, Бухоро тақдири қизил қўшин ихтиёрига топширилди.[14]

М.В. Фрунзе “ёрдам” сўраш тўғрисидаги мурожаатни олгач, Туркистон фронти қўшинларини тўртта зарбдор гуруҳ (Самарқанд, Каттақўрғон, Чоржўй ва Когон)га ажратган. Самарқанд гуруҳи 29-30 августда Шаҳрисабз-Китоб йўналиши бўйлаб ҳаракат қилиб, Қарши ва Ғузорни эгаллаши, Каттақўрғон гуруҳи эса шу кунлари Хатирчи, Зиёвуддин ва Карманани олиши, Чоржўй гуруҳи эса Эски Чоржўйни эгаллаб, Амударёнинг Афғонистон билан чегараларини назорат қилиши, Фороб ва Қоракўлни босиб олиб, қўшимча буйруқни кутиб туриши лозим эди. Асосий вазифа Когон гуруҳи зиммасига юкланди. У Эски Бухоро шаҳрини босиб олиши, амир Олимхонни асир олиши ва Арки Олийдаги хазинани эгаллаши керак эди.

1920 йил 25 августда қўмондон М.В. Фрунзе Туркистон фронти қўшинларига “қўзғолон кўтарган Бухоро меҳнаткашларига ёрдам кўрсатиш тўғрисида” буйруқ берди. Зарбдор гуруҳларнинг кўпчилигига дастлабки марраларни эгаллаш ва 29 августга ўтар кечаси фаол ҳаракатларни бошлаш буюрилди. Жанг ҳаракатларига сиёсий жиҳатдан раҳбарлик қилиш учун Янги Бухоро (Когон) шаҳрига Туркистон комиссияси ва Туркистон бюросининг янги аъзоси Г. Сафаров ва инқилобчи Ёш бухороликлар партияси раҳбарлари жўнатилди. Фронт қўмондони М.В. Фрунзе Самарқанд шаҳридан туриб телеграф орқали ҳарбий амалиётларга бевосита раҳбарлик қилди. Босқинчи қизил армия томонидан пойтахт Бухоро шаҳрига ҳужум ҳам 29 августга ўтар кечаси бошланди. Ҳал қилувчи жанглар Бухорои шариф дарвозалари яқинида рўй берди.[15] Бу воқеаларнинг бевосита шоҳиди қуйидагича ёзган эди: “Шаҳар маркази ер билан яксон қилинди. Жанг давомида кўплаб самолётлар ва замбараклар ишга солинди. Минглаб снарядлар ва бомбалар Эски Бухоро устига ёғдирилди. Шаҳар ҳимоячиларидан ташқари кўплаб бегуноҳ кексалар, аёллар ва болалар ҳалок бўлдилар. Юзлаб аҳоли уй-жойлари, меъморчилик ва тарихий обидалар ер билан яксон бўлди. Регистон ёндирилди”.[16]

Эски Бухоро шаҳри 29 августдан бошлаб ҳам ҳаводан, ҳам ердан қаттиқ бомбардимон қилинган. Бухоронинг Қарши дарвозасигача келган темир йўлда турган бронепоезд ҳамда Самарқанд, Шайх Жалол, Намозгоҳ дарвозалари яқинида жойлаштирилган тўплардан 1-2 сентябрь кунлари шаҳарга 12000 снаряд ташланган, 12 та ҳарбий аэроплан эса шаҳар устида 3 кун мобайнида бомба ёғдирган. Бир неча минг дона патрон сарфланган. Шаҳарнинг Қарши ва Самарқанд дарвозалари тагига 800 кг дан ортиқ порох кўмилиб портлатилган. Қулаб тушган дарвозалардан қизил аскарлар шаҳарга бостириб кирганлар. Муқаддас Бухорои шарифда қақшатқич кўча жанглари бошланиб кетган.

Амир Олимхон шаҳар обидалари ва аҳолини омон сақлаш мақсадида пойтахт Бухоро шаҳрини ташлаб чиқиб кетган. Қизил қўшин аэропланлари уни қидириб топиш баҳонасида Бухоро шаҳридан ташқари шаҳар атрофидаги қишлоқларни, тарихий обидалардан Ситораи Моҳи Хосани бомбардимон қилишган. Шафқатсиз ўқ ёмғирлари ва бомбардимон натижасида шаҳар обидаларининг 3/5 қисми вайрон этилиб, минглаб бегуноҳ одамлар нобуд бўлган.

Шундай қилиб, 1920 йил 2 сентябрда Бухорода амирлик тузуми қизил аскарлар томонидан қурол кучи билан ағдарилиб ташланган. Ўша куни қизил аскарлар Бухоро ҳукмдорларининг қароргоҳи – Арк (Арки олий)ни эгаллаб, унинг устига ўз байроқларини тикладилар. Қизил армиянинг Бухородаги босқинига бошчилик қилган М.В. Фрунзе Москвага – РСФСР ХКС раиси В.И. Ленинга телеграмма йўллаб, Эски Бухоро қалъаси қўлга киритилганлиги ҳамда “Бухоро мустабидлари ва қора гуруҳларининг охирги таянчи тугатилган”лигини[17] “зўр мамнуният” билан таъкидлайди.

Бухоро шаҳрини босиб олган қизил аскарлар ҳукмдор қароргоҳи Аркдаги амир хазинасини, Бухоро қозикалони, қўшбегиси ва бошқа сарой амалдорларининг бутун бойликларини талон-торож қилганлар. Хусусан, Туркистон фронти қўмондони М.В. Фрунзе, Бухоро қўшин группасининг бошлиғи И.П. Белов, кўплаб қизил армия командирлари ва оддий жангчилар катта бойликни ўзлаштирганлар. Туркистон фронти қўмондони М.В. Фрунзе ва Файзулла Хўжаев бошчилигидаги инқилобчи Ёш бухороликлар партияси раҳбарлари вайрон қилинган ва таланган Бухорои шарифга қизил аскарлар ҳамроҳлигида кириб келишган.[18]

Бухорода амирлик тузуми ағдариб ташлангач, ўша пайтда жаҳондаги энг катта хазиналардан бири ҳисобланган амирликнинг бутун хазинаси икки эшелонда (ҳар бир эшелонда 20 та қизил вагон бўлган) Москвага жўнатилган.[19] (Баъзи манбаларга қараганда, Файзулла Хўжаев бошчилигидаги БХСР раҳбарлари хазинанинг бир қисмини большевиклар талон – торожидан асраб қолишга муваффақ бўлишган. Улар бу хазинадан кейинчалик Бухорода республика тузуми асосларини қарор топтиришда, бухоролик талабаларни Германия, Туркия ва бошқа мамлакатларда ўқитишда фойдаланишган.) Олтин (қуйма олтин ва тилла тангалар), қимматбаҳо тошлар ва нодир буюмлардан иборат бу хазинанинг умумий қиймати ўша пайтдаги нарх билан 77 млн. тилла сўм (бугунги баҳода тахминан 80 миллиард доллар)ни ташкил қилади.[20] Бу бойликлардан 1920 йили иқтисодий ночор совет Россияси ўз манфаатлари йўлида фойдаланган. Тилла тангалар ва қимматбаҳо тошларнинг бир қисмини ўмарганлиги учун М.В. Фрунзе 1920 йил кузида Москвада маълум муддат уй қамоғида ушлаб турилган ва “ўртоқ Фрунзе иши” очилган.[21]

Бухоро амирлиги хазинасининг тарихи ва тақдири, хазинани совет Россияси томонидан ўзлаштирилиши хусусида тарихчи олим С. Холбоев китобида[22] сўз боради.

Саййид Мансур Олимий (Амир Саид Олимхоннинг ўғли, 1931 йил Афғонистонда туғилган) томонидан ёзилган “Бухоро – Туркистон бешиги” (1996) асарида қизил армиянинг Бухорога босқини ва амирнинг Бухоро тақдири ҳал қилинаётган фурсатдаги тадбири қуйидагича ёритилган: “Тунги соат икки яримда Фрунзе лашкарлари Бухорога ҳужум бошлади. Ўн икки аэроплан Бухорони кеча-кундуз бомбардимон қилди. Натижада 50 000 дан ортиқ эркак ва аёл, болалар ҳалок бўлди, уйлар, масжидлар, мадрасалар, тижоратхоналар вайрон этилди. Амир томонидан ҳозирлаб қўйилган жанг анжомлари, заҳиралари вайрон этилиб, коммунистлар тарафидан ёндириб юборилди.

Амир Олимхон узоққа отар тўплар ва танкларга қарши олиб борган тўрт кунлик жанглардан сўнг Бухоро аҳолиси жонини сақлаб қолиш мақсадида ҳамда душманларга қарши жанг қилиш учун ўз кучининг заифлигини англаб, курашни тўхтатишга мажбур бўлди. Шанба куни Ситораи Моҳи Хоса боғини тарк этиб пайшанба куни Афғонистон элчиси Абдушукурхон, Тошкентдаги элчи Муҳаммад Асламхон Сайғони миришкор, афғон лашкари қозиси ҳамда 25 минг Бухоро ва афғон сарбозлари иштирокида Ғиждувон орқали Ватандан чиқиб кетди”.[23]

Бу ҳолатни Амир Саид Олимхоннинг ўзи кейинчалик ёзган “Бухоро халқининг ҳасрати тарихи” номли хотираларида қуйидагича тасвирлаган эди: “Тўп ўқларининг кўплиги, бомба ёғдиришлар, талафот ва харобаликлар Бухоро шаҳрида ортиб кетиб, камбағал бева-бечораларни қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Шунда ўзимча ўйладим. Бу бандаи ожиз ушбу Бухорои шариф шаҳаридан кўчишни ихтиёр этсам, шояд шу сабабдан харобаликка бўлган сабаблар йўлини тўсиб, фақиру фуқаро бечораларни бу жабр-ситамлардан озод қилсам ва осойишталик бахш этсам, деган андишада чаҳоршанба куни тушдан кейин соат тўртларда фойтунга ўтириб, мисоли ҳазрат Пайғамбар алайҳиссалом суннати бўлмиш ҳижрат каби кўчишни ихтиёр этдим. Шоҳлик боғи саналган Ситорайи Моҳи Хосадан чиқиб, Тумани Комот (Вобкент) ва Харқонруд, яъни Ғиждувон тарафга равона бўлдим”.[24]

Ўша давр воқеаларининг бевосита шоҳиди бўлган маҳаллий тарихчи Муҳаммад Али Балжувоний ўзининг “Тарихи нофеий” (“Фойдали тарих”) асарида қизил аскарлар томонидан қилинган Бухоро босқини оқибатларини қуйидагича тасвирлайди: “Бухорони босиб олиш натижасида 34 гузар, 3000 дан ортиқ дўкон, 20 та сарой, 29 та масжид ёниб хароб бўлди. Минораи Калонга ҳам зарар етиб, Олимхон ва Мир Араб мадрасалари қисман ёниб кетди… Ҳазрати Имом дарвозасидан Гузари Назаргача, Кофиробод, Ўғлон дарвозаси, Масжиди Калон, Зиндондан Тўқумдўзий ҳаммомигача, минора остидан то Сўзангарон даҳаси, Гулбозор, Латтафурушлар растаси, Регистондан то Пули Ошиқоннинг бошигача батамом ёниб кетди. Қарши дарвозаси ҳам ёниб кетди. Шаҳарда уч мингга яқин ҳовли ёниб кул бўлди. Бухоро шаҳри қарийб 20 кун ёнганди. Бухоронинг шу даражада хароб бўлганини ҳеч бир тарих кўрмаган эди”.[25] Бухороликлар бу кунларни “кичик қиёмат” деб аташган.

Туркистон фронти инқилобий-ҳарбий бюро учлигининг аъзоси А. Машицкийнинг 1920 йил сентябрда В.И. Ленинга ёзган маълумотномасида Бухоро шаҳри маркази яксон қилинганлиги, Регистон ва Арк ёндирилгани, Арк ертўлалари ва омборхоналаридаги бутун бойликлар – олтин, кумуш, бриллиантлар талангани, бунда қизил армия бевосита қатнашгани ҳақида хабар берган. Қарийб 15 сентябргача давом этган Бухоро таловини гувоҳи бўлган Туркистон комиссияси аъзоси Г. Сафаров ўз маълумотларида шундай ёзган эди: “Бухорога келган қизил қўшинлар энг аввало талончилик билан шуғулландилар. Улар ҳаммани ва ҳамма нарсани таладилар. Умуман қизиллар Бухорони талаш учун келган эдилар”.[26]

Даҳшатли жанглар натижасида Эски Бухоронинг тинч аҳолисидан анчагина қисми, шунингдек, шаҳар деворлари орқасида жон сақлаган атроф қишлоқларнинг кўпгина аҳолиси ҳалок бўлди. Воқеаларни ўз кўзи билан кўрганлардан бирининг гувоҳлик беришича, ўлганлар шу қадар кўп эдики, уларни йиғиштириб олишга улгуришмасди.[27] Қадимий Бухоро шаҳри ўт ва харобалар ичида қолди. Шаҳарнинг деярли ярми ёниб бўлган, 4/5 қисми харобалар остида ётар эди. Айниқса, Арки олий катта шикаст кўрди, қизил қўшин артиллерияси унга қараб тўғридан-тўғри ўқ ёғдирган эди.

Шундай қилиб, Эски Бухоро шаҳрининг босиб олинишида, шунингдек, умуман амирликнинг тугатилишида Туркистон фронти қўшинлари ҳал қилувчи роль ўйнади. Ёш бухороликлар ва Бухоро коммунистик партиясининг “инқилобий тузилмалари” босқинчилар армиясига қўшимча куч сифатида хизмат қилган бўлса ҳам аслида улардан совет қўмондонлиги гўё амирга қарши “қўзғолон кўтарган халқ” илтимосига кўра жангга кириб, фақат ёрдам кўрсатганлигини намойиш қилиш учун бир ниқоб сифатида фойдаланди.

 

Қаҳрамон РАЖАБОВ,

 тарих фанлари доктори, профессор,

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти бўлим бошлиғи,

Турон фанлар академияси вице-президенти



[1] Ўзбекистоннинг янги тарихи. 1-китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида … –Б. 124.

[2] Ишанов А. Бухарская Народная Советская Республика. –Т.: Узбекистан, 1969. –С. 164-165.

[3] Рашидов У. Бухоро Халқ Республикаси (1920-1924 йиллар). –Бухоро: “Бухоро” нашриёти, 2003. –Б. 29.

[4] РГВА, ф. 268, оп. 1, д. 129, л. 12-13.

[5] Ражабов Қ. Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш: тарих ҳақиқати (1920-1924 йиллар).  –Б. 12; Крущельницкий А. Бухарская революция. Диктатура по телеграфу // “Родина”, 1989. № 11. –С. 30-39.

[6] Рашидов У. Бухоро босқини ва совет тузумига қарши кураш. –Бухоро, 2008. –Б.10.

[7] Туркестан в начале ХХ века: к истории истоков национальной независимости. –С. 323-324.

 

[8] Қаранг: Файзулла Хўжаев. Бухоро инқилобининг тарихига материаллар // Файзулла Хўжаев. 100. –Т.: Фан, 1997. –Б. 172-173.

[9] Ишанов А. Бухарская Народная Советская Республика. –Т.: Узбекистан, 1969. –С. 179-180, 186-187.

[10] Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2-китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида … –Б. 126-127.

 

[11] Персиц М.А. Застенчивая интервенция. О советском вторжении в Иран и Бухару в 1920-1921 гг. 2-изд. –М.: Муравей-Гайд, 1999. –С. 86.

[12] Ражабов Қ., Мақсудов Р. Қизилтепа тарихи. –Т.: Muharrir, 2011. –Б. 128.

[13] РГАСПИ, ф. 122, оп. 1, д. 10, л. 262.

[14] Рашидов У., Ражабов Қ. Бухоро босқини // Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2-жилд. –Т.: ЎзМЭ нашриёти, 2001. –Б. 285-286.

[15] Ражабов Қ. Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш: тарих ҳақиқати (1920-1924 йиллар). –Т.: Маънавият, 2002. –Б. 12

[16] Генис В. Разгром Бухарского эмирата в 1920 году // «Вопросы истории», 1993. № 7. -С. 49-50.

[17] М.В. Фрунзе на фронтах гражданской войны. Сборник документов. –М.: Воениздат, 1941. –С. 317.

[18] Ражабов Қ. Сўнги манғит ҳукмдори (Саккизинчи мақола) // “Бухоро мавжлари”,  2007. № 3. –Б. 41-44.

[19] Ражабов Қ. Бухоро олтинлари тақдири ёхуд “ўртоқ Фрунзе” иши //“Бухоро мавжлари”,  2004. № 4. –Б. 25-26.

[20] Ражабов Қ. Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш: тарих ҳақиқати (1920-1924 йиллар). –Т.: Маънавият, 2002. –Б. 13.

[21] Генис В. «С Бухарой надо кончать…» К истории бутафорских  революций. –М.: МНПИ, 2001. –С. 49-53.

[22] Қаранг: Холбоев С. Бухоро амирлигининг олтин хазинаси (тарихи, тақдири, таҳлили). –Т.: Фан, 2008. -180 бет.

[23] Саййид Мансур Олимий. Бухоро – Туркистон бешиги. Форс тилидан Ҳ. Тўраев таржимаси. –Бухоро: “Бухоро” нашриёти, 2004. –Б. 83-84.

[24] Амир Саййид Олимхон. Бухоро халқининг ҳасрати тарихи. Форсийдан  А. Ирисов таржимаси. –Т.: Фан, 1991. –Б. 15.

[25] Муҳаммад Али Балжувоний. Тарихи нофеий (Фойдали тарих). Тожик тилидан  Ш. Воҳидов ва З. Чориев таржимаси. –Т.: Академия, 2001. –Б. 70-71.

[26] Сафаров Т. Колониальная революция (Опыт Туркестана). –М.: Госиздат, 1921. –С. 80.

[27] Крущельницкий В. Телеграф орқали сўралган диктатура //”Фан ва турмуш”, 1990. № 4. –Б.13.