Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига интеграция жараёнларидан четда қолмаслиги керак

WTO-globalvoices.org_.au_

Яқинда Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириши учун АҚШ барча кўмакни беришини маълум қилди.

“Узоқ йиллар давомида минтақада фақатгина Қирғизистон ЖСТнинг ягона аъзоси эди. Ҳозирда Россия ва Тожикистон ушбу ташкилот аъзоси. Қозоғистон ва Афғонистон бу борада етарлича натижаларни қўлга киритмоқда. Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам яқинда ЖСТга қўшилишга қизиқиш билдиришди. Биз уларнинг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, деб қайд этади у жумладан.

Аммо Ўзбекистон бу масалага жиддий эҳтиёткорлик қарамоқда. Албатта, Ўзбекистон ҳукумати мамлакат иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиётига интегация бўлишининг муҳим таркиби сифатида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Чунончи, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Илҳом Неъматовнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши борасидаги музокаралар давом этмоқда, аммо шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши, биринчи навбатда, Ўзбекистон иқтисодиёти манфаатларига хизмат қилиши керак ҳамда мамлакатда бандлик, божхона ҳамда иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмаслиги керак, деб таъкидлади.

Элчи жанобларининг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ушбу ташкилотга аъзо бўлиш мамлакат меҳнат ресурсларига, саноатига, қишлоқ хўжалигига қандай таъсир кўрсатишини чуқур таҳлил қилиб чиқиши керак бўлади.

«АҚШнинг Халқаро ҳаморлик бўйича агентлиги томонидан тайёрланган маърузага кўра, бу, шак-шубҳасиз, мамлакат автомобиль ва текстиль саноатига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун бизнинг иқтисодчилар бунга жуда жиддий чуқур ёндашишмоқда. Биз ЖСТ котибияти, ҳамкорларимиз билан Ўзбекистон қандай шароитлар асосида ушбу ташкилотга аъзо бўлиши мумкинлигини муҳокама қилаяпмиз», деди элчи жаноблари.

Илҳом Неъматов «Мен Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш масаласига нега жиддий эътибор қаратаётганлигига бир мисол келтиришни истардим. Мустақилликнинг илк йилларида иқтисодиётимизда фақат пахта ҳукмронлиги ўрнатилган эди, биз ўша пайтда 6  миллион тонна пахта етиштирар эдик. Ўзбекистон ҳукумати узоқ муддатли ислоҳотларни амалга оширди. Айнан шу ислоҳотлар самараси ўлароқ биз иқтисодиётимизни диверсификация қилишга муваффақ бўлдик. Биз бугун «Женерал Моторс» компанияси билан ҳамкорликда тайёрланган юқори сифатли автомобилларни экспорт қиляпмиз. Ўтган йигирма йил давомида 120 миллиард доллардан ортиқ инвестиция мамлакат иқтисодиётига жалб қилинди… Шунинг учун биз ЖСТга аъзо бўлиб киришдан нима ютқазишимиз-у, нима ютишимизни билишимиз керак», деди.

Илҳом Неъматов сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон миллий қонунчиликни ЖСТ норма ва қоидаларига уйғунлаштириш чоралари устида иш олиб бормоқда. Иккинчидан, мамлакатда идоралараро ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, у Ўзбекистон ва ЖСТ ўртасидаги музокаралар жараёнини мувофиқлаштириб бормоқда. Учинчидан, ЖСТ котибияти билан ишлайдиган кенгаш тузилган бўлиб, ЖСТ билан ҳамкорлик масалаларида 9 та ишчи гуруҳ иш олиб  бормоқда.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осий ишлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк шу йилнинг 13 март куни Америкалик турклари қурултойида қилган маърузасида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолаган.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари учун ЖСТ доирасида амал қиладиган “баҳсларни ҳал этишнинг қоидаларга асосланган ягона бетараф механизмлари” фойда келтириши аниқ. Бу, шунингдек, АҚШ равнақига ҳам хизмат қилади. “Тожикистон ЖСТга кириш учун барча тайёргарлик ишларини якунлади. Қирғизистон аллақачон ушбу ташкилот аъзоси. Ушбу мақсадлар йўлида Қозоғистон ва Афғонистон муваффақиятли бормоқда. Ўзбекистоннинг бу борадаги янги қадамлари ҳам мақтовга арзийди”, деган эди Роберт Блейк жумладан.

Умуман, Ўзбекистон бугун мазкур ташкилотга кириш учун ички бозорни ҳимоялашнинг бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиқиб, самарали механизмларини жорий этиши керак бўлади. Албатта, гарчи Ўзбекистон иқтисодиёти ушбу интеграция жараёнидан жиддий йўқотишларга учраса-да, қўшни давлатлар бу ташкилотнинг тўлиқ аъзоси бўлаётган бир шароитда, четда туриши мантиқсиздир. Бундан истиқболда жиддий йўқотишларга учраш мумкин. Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши учун иқтисодиётни ислоҳ қилиш жараёнларини жадаллаштириши керак.

 

Мурод ҒОФУРОВ