Эл шонини куйлаган шоир. Бугун Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун

13159774248620-big

Булбулзабон дўстим, қумридил дўстим,

Ярмиси гул дўстим, ярми дил дўстим.

Муҳаммаджон десам – кўнглимдан кечар

Булбул умри билан, дил умри, дўстим.

 

Сирожиддин Саййид

 

Эл суйган, халқ ардоқлаган Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳақида ёзишдан аввал хаёлим кўзгусида у жонланди, кўз ўнгимда сурати ва сийрати намоён бўлди.

Муҳаммаджонни илк бор ишга келганида таниганман. Қорачадан келган, юраги гуриллаётган оловдай, меҳр билан тикилувчи кўзлари бир умр ёдимда қолган. Ишхонамиз Навоий кўчаси, 30-уйда жойлашган бўлиб, мен Ғафур Ғулом номидаги нашриётда ишлардим. Муҳаммаджон билан деярли ҳар куни кўришар эдик. Муҳаммаджон ҳозирги ўзбек адабиётини яхшироқ билишни истарди. Жаҳон тиллари Университетининг рус тили факультетини тамомлаб, энди иш бошлаганди. “Эшитинг, янги машқларимдан”, — деб қўлёзма ҳолида шеърлар ўқир эди. Сўнгра ўзига хос оҳангда, “Қалай?” деб, шеър даражасини билишни истар эди. Деярли ҳар куни беш-олтита, гоҳида ундан ҳам зиёд шеърлар ёзарди.

У шеъриятда жуда тез ўсди, дардчил шеърлари билан эл кўнглига тез кириб борди. Унинг содда шеърияти қалбларни чақмоқдек ёритди. Ҳар бир ўзбекнинг қалбидан ўзининг ўрнини эгаллади. “Мен шеърни қўшиқ учун ёзмайман, шеърларимнинг ўзи қўшиқ бўлса, нима қилай?” – бу гапларни айтган Муҳаммад Юсуфнинг қалбида эл-юрт ҳақидаги мангу бир қўшиқ шовуллаб турганига бир неча бор амин бўлганман. Унинг ўзига хос эркинлиги, нозик қалбию дардчил ҳиссиёти барча-барчаси унга ярашиқли, ўзига хос эди. ўша кезлари шоирнинг шеърлари билан яралган қўшиқларни ижро этган хонандалар ҳам юлдуздай порлаб, эл назарига тушди.

Муҳаммад Юсуфнинг қатъийлиги, бирсўзлилиги ва талабчан муҳаррирлигига кўп гувоҳ бўлдим. Менинг “Изтироб остонаси” номли қўлёзмам Ғафур Ғулом номидаги нашриётнинг режасига кирган, унга Муҳаммад Юсуф муҳаррир этиб тайинланганди. У қўлёзмани қўлига олгач, китобни “Ота юрт” деб номлаймиз, деди. Мен эътироз билдирдим. Ахир, тўпламдаги бир шеъримнинг лирик, қаҳрамони икки фарзандли, у ўз остонасида ёхуд севгилиси сари кетиш изтиробида, дедим тўплам номини ёқлаб. Нима бўлибди, тўпламни туғилган қишлоғингиз манзаралари, кўринишлари кўпроқ ташкил этиб турибди. Бунинг устига “Ота юрт” ижтимоий масала, деб кўнмади. “Ҳейй, таниқли шоир Муҳаммад Алининг “Оталар юрти” номли китоби бор-ку!” — десам ҳам, “Йўқ, китоб мен айтган номда бўлади!” — деди қатъий оҳангда. Мен индамадим. У қўлёзмани титкилай-титкилай, “Сиз қофияли шеърлар ёзинг”, — деб шеърларни қўлимга узатаркан, “Тўпламни бармоқ вазндаги шеърлар билан тўлдирасиз, қаранг, қофияли шеърларингиз қандай яхши!” — деб “Укамга хат”, “Укамдан хат”, “Куннинг умри”, “Тўкилганда ойдан ёғдулар”, “Теримчи қизлар” каби шеърларимни мақтади. Мен “Муҳаммаджон, барча китобларим аралаш вазндаги шеърлар билан чоп этиляпти-ку, нима қилибди?” — деб туриб олдим. “Ундай бўлса, китобга мен муҳаррирлик қилмайман”, — деди жиддий. Шеърият бўлими мудири, истеъдодли шоир Шавкат Раҳмонга юзлашдик. Муҳаммаджон Шавкат акага ўзи ёқтирган шеърларимни овоз чиқариб ўқиб, “Tўпламни шундай шеърлар билан бойитсак десам, муаллиф кўнмаяпти”, — деди. Бўлим мудири ҳам муҳаррирнинг гапини маъқуллаб, тўпламни янги шеърлар билан тўлдиринг, деди. Ушбу сатрларни ёзаётган чоғим ўйласам, бу муҳаррир талаби ҳам юксак эканлигини ҳис қилдим.

Бир кун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйида юрсам, Муҳаммаджон, пиёда бораётган экан. Мен машинани тўхтатдим. У машинага чиқди. Кайфияти соз экан. Комил Яшиннинг дала ҳовлисини менга беришди, ўша жойда турибман. Ҳозир Абдулла аканинг уйига кирамиз, кутяпти, деди.

Мен қурилиш бўлаётган дала ҳовлимни кўриб, қайтиб келишга сўз бердим. Ишларим битгач, Абдулла аканикига ўтсам, дарвоза очиқ, сув устидаги супада устоз-шогирд гурунглашиб ўтиришган экан. Саф кенгайганидан хурсанд бўлишди. Бир пайт Абдулла ака бизга адабиёт, фалсафа бўйича бир қанча мушоҳадали саволлар берди. Ва қани ким тез, мукаммал жавоб беради, деб қизиқиш билан тикилди. Мен тортиниб, ўйланиб тургунимча Муҳаммаджон тез-тез жавоб бериб, устознинг олқишига, таҳсинига сазовор бўлди. Дастурхондан туриб кўчага чиқгач, “Қалай, сиздан кўра саволларга яхши жавоб бердимми”, — деди ҳаяжон тўла кўзлари чақнаб.

– Ҳа, албатта, илмда ҳам, шеъриятда ҳам сиз мендан зўрсиз, — дея елкасига уриб қўйдим.

Муҳаммад Юсуф Андижон вилояти Марҳамат туманининг сўлим қишлоғида туғилган. У толлар, тераклар ва турфа дарахтлар билан дўстлашган, капалак, булбул, қалдирғочлар ила ўйнаган, табиатга туганмас меҳр қўйган. Ям-яшил бедапоялар, чексиз далалар, ўт-ўланлар оғушида кечган болалиги, ўсмирлиги. У онасининг қучоғида тойчоқдек эркаланган, синглисини суйган жонидек. Ҳар бир юртдошига, қишлоғига, бутун Ўзбекистонига меҳри тобланган офтобдек. Шундан у табиат шоири, эл шоири бўлиб етишган. Биргина мисол:

Ер айланар, Ер айланар,

Ер югуриб тинмайди,

Яктагининг енгларидан

Тер югуриб тинмайди.

Қўлинг тегмай бу дунёда

Битта гиёҳ унмайди,

Тин билмаган жоним менинг,

Бободеҳқоним менинг…

Беихтиёр шеърни ўқиб, оддий бободеҳқонни севиб қоласиз, у билан ҳасратлашасиз! Ёнасиз – куясиз, ҳайратланасиз, унга таҳсин ўқийсиз, у сизнинг ҳам қадрдонингиз бўлади, шубҳасиз. Унинг аксарият шеърларида юрт манзараси, меҳнаткаш ўзбекнинг тийнати бутун кўриниши, сийрати содда сатрларда намоён бўлади, мадҳ этилади. Шунинг учун шоирнинг шеърларини кетмончидан тортиб, илм одамигача тушунади, севиб қолади. Ушбу мақолани ёзаётган чоғда Муҳаммад Юсуфнинг “Осмоннинг охири” номли достондек узун шеърини ўқиб, (аввал эътибор бермаган эканман) шоирнинг шакл изланишидан қувондим. Шеърнинг менга ёққанлиги – эркин вазнда, фикрни ҳам эркин, бемалол айта олганлигида. Унинг шеъриятдаги ростгўйлигидан ҳайратландим. Зотан, у барча шеърларида рост куйлашга интилган. Шунинг учун эл назарига тушган, эл ардоғида бўлган. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Юсуф хулқидан, қонидан, юрагидан яралган шеър – Муҳаммад Юсуф бўлиб қолган.

 Турсун АЛИ

Манба: “Китоб дунёси”,2013 йил 24 апрель