Ўзбекистондаги мухолиф партиянинг раҳбари ўзгарди

anons.uz
anons.uz

Тошкентда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда gazeta.uz хабар тарқатди. Унда партиянинг янги раҳбари этиб, шу пайтга қадар Андижон вилояти ҳокимининг диний ва жамоат ташкилотлари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган Хотамжон Кетмонов сайланди.

Шу пайтгача бу лавозимда Латиф Ғуломов ишлаб келаётган эди. Эндиликда Латиф Ғуломов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси сифатида фаолиятини давом эттиради.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Халқ демократик партияси 2005 йилда ўз дастурига ўзгартириш киритиб, «умумхалқ партияси» деган тушунчадан воз кечилди. ЎзХДП истиқболда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш йўлини танлайди. Ўша йиллари партиянинг сиёсий фракцияси парламентда ўз мухолиф партия, деб эълон қилади.

2009 йилда бўлиб ўтган сайловлар натижаларига кўра, парламентда ЎзХДПдан 32 та, ЎзЛиДеПдан 53 та, «Миллий тикланиш» демократик партиясидан 31 та, «Адолат» СДП 19 та, Ўзбекистон экологик ҳаракати 15 та жой эгаллайди.