Ўзбекистон Россия авиакомпаниялари маблағларини конвертация қилиб берган

    87367

    Ўзбекистон Россия Федерациясининг 13 та авиакомпанияси олдидаги конвертация билан боғлиқ қарзларини узган. Бу ҳақда бир қатор интернет нашрлари хабар тарқатди.

    12uz.com сайтининг ёзишича, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестициялар вазирининг биринчи ўринбосари Акмал Камалов 30 март куни Москвада Россия Федерацияси транспорт вазири ўринбосари Валерий Окулов билан учрашув чоғида ушбу масала кўтарилган. Ушбу учрашув чоғида томонлар Россия авиакомпаниялари томонидан Ўзбекистон ҳудудида чипталарни сотиш шартлари ва улар билан боғлиқ конвертация масаласини муҳокама қилишган.

    Шу йилнинг 20-27 апрель кунлари икки давлат вакиллари Тошкентда авиақатнов истиқболлари бўйича музокараларни давом эттиради.

    Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ бир қатор оммавий ахборот воситаларида агар конвертация масаласи  ҳал этилмаса, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Россия ҳаво кенгликларидан фойдаланишда жиддий муаммолар юзага келиши ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

    Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Россиянинг “Аэрофлот”, “Трансаэро”, “Кимавиа”, “Владивостокавиа”, “Газпроавиа”, “Донавиа”, “Московия”, “Россия”, “Сибирь”, “Татарстон”, “Ураль ҳаво йўллари”, шунингдек, “UTair”, “Якутия” авиакомпаниялари йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов шу йилнинг 15 апрель куни расмий ташриф билан Россия Федерацияга боради. “Независимая газета”нинг Ўзбекистон элчихонасига таяниб, хабар беришича, Ислом Каримов Россия президенти Владимир Путин билан Афғонистонда халқаро кучларнинг чиқиб кетиши муносабати билан минтақада хавфсизликни таъминлаш ҳамда бу борада позицияларни аниқлаштириб олиш масалаларини кўриб чиқади.