Роберт Блейк Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида маъруза ўқийди

bigpath_25

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк шу йилнинг 23-24 апрель кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. АҚШ давлат департаменти тарқатган хабарда келтирилишича, америкалик дипломат Ўзбекистонда бир қатор амалдорлар билан мулоқот олиб боради. Мазкур учрашувларда икки давлат манфаатларига хизмат қиладиган масалалар, чунончи, Ўзбекистон ва Америка ўртасида хавфсизлик, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама этилади.

24 апрель куни Роберт Блейк  Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида АҚШнинг Марказий Осиёдаги ташқи сиёсати моҳияти ҳақида маъруза ўқийди.  Америкалик дипломат, шунингдек, фуқаролик жамияти ва бизнес доира вакиллари билан учрашувлар олиб боради.

Роберт Блейк шу йилнинг 25 март куни Қозоғистонга йўл олади. У Алматида “Осиё юраги” анжуманида қатнашади. У АҚШ делегацияси таркибида АҚШ давлат котиби  ўринбосари Уильям Бёрнсга ҳамкорлик қилади.

Маълумотларга кўра, мазкур анжуманда Афғонистон муаммосини ҳал қилиш масалалари муҳокама қилинади. Унда 14 мамлакат, шу жумладан, Озарбойжон, Эрон, Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, БАА, Покистон, Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистон, шунингдек, бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади.