Путиннинг оқ турналари Ўзбекистонга нажот кўзини тикишган

Алексей Дружини/РИА Новости
Алексей Дружини/РИА Новости

Маълумки, ўтган йили кузида Россия Федерацияси Президенти В.Путин билан дельтапланда ҳамроҳлик қилган ”Қизил китоб”га киритилган оқ турналар ҳали ҳам ёввойи табиат қўйнига қўйиб юборилмаган. “Нажот парвози” деб номланган лойиҳа асосида турналар сунъий усулда кўпайтирилиб, кейин она-табиатга чиқариб юборилади. Мазкур лойиҳа раҳбари Александр Сорокиннинг айтишича, турналар ўтган йилги қишни, режага кўра, Афғонистон ва Ўзбекистон чегара ҳудудида ўтказиши керак бўлган. Аммо бу борада тегишли натижага эришилмагач, турналар Рязань вилоятидаги Омск биологик буюртмахонасида қишлашга мажбур бўлишган.

“Ведомости” газетасининг ёзишича, Ўзбекистон давлат чегара хизмати вакиллари ушбу масалада ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдиришган бўлса-да, бу масала Россия Ташқи ишлар вазирлиги каналлари орқали ҳал этилиши керак бўлган. Москванинг ушбу масалада мурожаатига расмий Тошкент жўяли жавоб қайтармаган. Улар гарчи қушларнинг табиатга қўйиб юборилишига қарши бўлишмаса-да, буни чегара ҳудудида қилмасликка чақиришган. Ўзбекистонликларнинг фикрича, чегарада хавфсизлик нуқтаи назаридан қуриган ўт-уланлар ёқиб юборилиши, қолаверса, Афғонистондаги нотинчлик ҳам турналар ҳаёти учун хавф солиши мумкин. Шу боис қишлаш учун чегара минтақаларини танламаслик тавсия этилган.

Шу боис қушларни очиқ табиатга чиқариш баҳоргача орқага сурилган эди. Шу давр ичида янги қишлаш жойи аниқланиши керак. Аммо “Нажот парвози” лойиҳаси раҳбари Сорокин Президент Ислом Каримовнинг Москва сафари чоғида Путин ушбу масалани кўтаришига умид билдирмоқда. Тахминларга кўра, мазкур ташриф доирасида атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида битим имзоланиши кўзда тутилмоқда. У кўчиб юрувчи қушларга ҳам тааллуқлидир. “Ведомости” ушбу масалада Ўзбекистон элчихонаси билан боғлана олмаган.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Путин лойиҳани кузатиб бораётганлигини қайд этиб, уни амалга оширишда қийинчиликлар бўлса-да, лекин мақсадга эришилади.

Оқ турналар “Қизил китоб”га киритилган бўлиб, улар дунёда бор-йўғи 20 дона атрофида бўлиб, уларни сунъий усулда кўпайтириш ва очиқ табиатга чиқариб юбориш чоралари кўрилмоқда.