Ўзбек тилида ўқигим келади

internetЯқинда W3Techs компанияси интернетдаги сайтлар бўйича янги тадқиқотни эълон қилди. Унга кўра, рус тили Собиқ Иттифоқнинг йирик мамлакатлари – Украина, Беларусь, Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқаларда энг машҳур тил бўлиб турибди. Жумладан, Қозоғистондаги сайтларнинг 84 фоизи, Тожикистондаги сайтларнинг 81,8 фоизи, Қирғизистондаги сайтларнинг 75,9 фоизи, Ўзбекистондаги сайтларнинг 79,6 фоизи рус тилида фаолият олиб боради.

Ўзбекистондаги сайтларнинг фақат 4,4 фоизигина ўзбек тилида бўлиб, 15,6 фоизи инглиз, 1,1 фоизи эса турк тилларида фаолият олиб боради. Тадқиқот муаллифлари бир қатор сайтларнинг бир неча тилларда фаолият олиб боришини ҳам алоҳида қайд этиб ўтишган.

Оддий тадқиқотдаги бу рақамларнинг нечоғли ҳақиқатга яқинлиги хусусида баҳслашиш, фикримча, мақсадга мувофиқ эмас. Қанчалик оғир, қанчалик таассуфли бўлмасин, бугунги кунда .uz доменидаги сайтларнинг аксарияти ёки фаол фойдаланиладиган сайтларнинг кўпчилиги рус тилида фаолият юритади. Хўш, нега рус тилида сайтлар бу даражада кўп?

Ахборот-коммуникация соҳасида соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг фикрича, миллий домендаги сайтларнинг аксарияти рус тилида эканлигининг бир қанча сабаблари бор.

Аввало, интернет сайтларини юритиш бўйича иш олиб бораётган, бу борадаги илғор кишиларнинг кўпчилиги русийзабон кишилардир. Масалан, gazeta.uz, anons.uz, afisha.uz, podrobno.uz сингари сайтлар муаллифлари айнан рус тилида ижод қиладиган мутахассислардир. Сайтлар ва уларни самарали “айлантираётган” пиар-компаниялар ҳам асосан рус тилида фаолият юритади.

Иккинчидан, миллий доменда ахборот-таҳлил йўналишига ихтисослашган сайтлар халқаро ахборот тармоғининг бир қисми сифатида кўпчиликнинг нигоҳига тез тушишда айнан рус тилидан фойдаланишнинг аҳамияти катта эканлигини яхши тушунишади. Масалан, ўзбек тилида жойлаштирилган ахборотларга ўқиш учун кирган ўқувчилар сони рус тилида қўйилган ахборотларникига нисбатан бир неча баробар кам бўлади. Рус тилида қўйилган ахборотлар бошқа сайтларда ҳам тез тарқайди. Бу ҳам ушбу тилдаги сайт учун жуда муҳимдир.

Ўзбекистон ҳақида ахборот берувчи аксарият ахборот агентликлари айнан рус тилидаги ахборотлардан фойдаланиши бежиз эмас. Айнан ҳаволалар ҳам рус тилидаги сайтнинг оммалашишига хизмат қилади. Сир эмас, реклама берувчилар учун айнан ташриф буюрувчилар сони муҳим аҳамиятга эгадир.

Учинчидан, Ўзбекистонда асосий, мунтазам ҳамда ноёб интернет фойдаланувчилар ҳам рус тилидаги ахборот сайтларига, шунингдек, порталларга мурожаат қилишни маъқул кўришади. Чунки интернет илғорларининг кўпчилиги рус тилида бемалол мулоқот қила олишади. Бу ҳам рус тилидаги ресурсларнинг оммалашишига хизмат қилмоқда.

Тўртинчидан, ўзбек тилида тезкор, долзарб аҳамиятга эга ижтимоий-иқтисодий мавзудаги мавзуларни ёритадиган ва бошқа интернет хизматларини кўрсатадиган интернет ресурсларининг камлигидир. Яъни ўзбек тилида аҳолининг эҳтиёжларини қондириш, уларга маънавий озуқа берадиган, бир-бири билан фикр беришда кескин рақобат қиладиган сайтлар сони ниҳоятда кам бўлиб, уларнинг мавжудлари ҳам ўзларини чеклаб, долзарб мавзуларни кўтариб чиқишда фаоллик кўрсата олишмаяпти.

Ўзбек тилидаги сайтлар, порталлар мазмуни рус тилидаги порталлар ва сайтларга нисбатан бирмунча ғариб ва саёздир. Шу боис ҳам ўқувчилар рус тилидаги сайтларга кўпроқ мурожаат қилишга мажбур бўлишмоқда.

Ҳа, миллий доменда давлат тилидаги портал ва сайтларнинг бу даражада кам бўлиши ташвишланарли ҳолдир. Бу нафақат мантиқий ўйлаб қараганда, балки ахборот хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам Ўзбекистонда ахборот хавфсизлигини таъминлашга таҳдид солади. Шу боис нафақат кенг жамоатчилик, интернет фаоллари, зиёлилар, балки ҳукумат ҳам миллий домендаги ўзбек сайтларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чораларини кўриши керак.

Wikipedia порталининг ўзбек тили бўлимида мақолалар сони мамлакатимиз аҳолиси ва интернет фойдаланувчилар сонига нисбатан ҳаддан ташқари камлиги ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Бизнинг бу рақамларни ўзбек тилига бефарқ бўлмаган ҳар бир ҳамюртимиз чуқур таҳлил қилиб кўрмоғи ҳамда миллий доменимизни ўзбек тилида бойитиш чораларини кўриши ҳам қарз, ҳам фарздир.

Мурод ҒОФУРОВ.