Ўзбекистонда “велик”ка қарши кураш бошланган

c4d59e67baec7a65f158453391cf857728324bb3

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари фуқаролардан оммавий равишда велосипед воситасини олиб қўя бошлаган. Бу ҳақда “Новый век” газетасининг сайти хабар тарқатди. Сайтнинг ёзишича, велосипедчиларга 26,5 минг сўм миқдорида жаримага тортилмоқда. Шу билан бирга, велосипедларни ижарага берувчи ташкилотларга мазкур бизнес билан шуғулланмаслик тавсия қилинмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари веломанияга қарши курашишни якшанба кундан бошлаган. Уларнинг фикрича, бу борада оғзаки кўрсатма бўлган.

Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг “Новый век” газетасига берган маълумотларига кўра, пойтахтда оммавийлашиб кетган вело-сайрлар йўл ҳаракати иштирокчиларига жиддий тўсқинлик туғдирмоқда.

Ижтимоий тармоқларда билдирилаётган турли фикрларга кўра, велосипедлар ҳеч қанақа асоссиз, огоҳлантирилмасдан олиб қўйилмоқда.

Шу билан бирга, “Ҳуррият” газетасида  велосопедлардан фойдаланиш тартиби ҳақида “Эҳтиёт бўлинг, велосипедчи!” мақоласи чоп этилган бўлиб, унинг матни kun.uz сайтида ҳам эълон қилинган.

Ўзбекистонда велосипедлар сўнгги икки йилда жуда оммалашиб, ёшлар орасида ўзига яраша ҳордиқ чиқариш воситасига айланган. Аммо Тошкент йўлларининг велосипедлар учун тўлиқ мўлжалланмаганлиги пиёда ва бошқа транспорт воситаларига жиддий ҳалақит бераётгани айтилади.