Адабий танқид: “Адабиётимизда жудаям уятсиз одамлар кўпайиб кетди”

“Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган “Янги авлод овози” суҳбатда Ўзбекистонда кўзга кўринган ёзувчи ва адабиётшунослар адабий танқидчилик масаласига алоҳида эътибор қаратишди.

U.Hamdam-137x150“…кўпинча, бадиий асарлар баҳоланган танқидий мақола, илмий тадқиқот ва ёки тақризни ўқиб, ўзингга ўзинг савол бериб қоласан киши: қайси бири паст, қайси бири ўртаю қайсиси баланд асар ва нима учун?..  Аксарият ҳолларда, ҳаммаси бирдек дурдона ўлароқ тақдим этилади. (Ва ёки кўркўрона “уриб” ташланади.)”, деб фикр билдиради Улуғбек Ҳамдам.

Унинг фикрича, танқидчиларимиз ўқувчилик муҳаббати (ёки нафрати) изҳоридан олим-мутахассис муносабатини билдириш даражасига ўсиб боролмаяпти. Яъни, у ўзининг у ёки бу асарга ёки унинг муаллифига бўлган симпатия (ёки антипатия)сини олимнинг қараши деб ўйлаяпти.

Дилмурод Қуронов эса, “Менга қолса, гапнинг пўсткалласини айтиб, танқидчилигимиз бир жойда депсиниб қолгани тобора равшан бўлиб боряпти, у ўз миссиясини бажаролмай қолди, деган бўлардим”, деб таъкидлайди.

Унинг фикрича, адабий танқидий чиқишларни, асосан, мутахассислар ҳамда матбуотни мунтазам кузатиб боришга ўрганиб қолган айрим катта ёшли ўқувчилар “тарки одат – амри маҳол” қабилида ўқийдилар.

“…Эртага филолог мутахассис бўлиб етишадиган талабаларни оласизми ё малака оширишга келаётган тил-адабиёт ўқитувчилариними – адабий-танқидий материаллар чоп этиб бориладиган нашрларни ўқийдиганлари юздан бирни ҳам ташкил қилмайди десам, лоф эмас”, дейди адабиётшунос олим.1a47389a554fecca75e8bce2c2650421

Муаллиф фикрича, мазкур шароитда “танқид омманинг бадиий дидини тарбиялашга масъул” дегани қуруқ гап, негаки амалда “танқид – танқид учун” тамойили ҳукм сурмоқда.

“Фикримча, танқиднинг ўзи ўзгариши зарур. Биласиз, ҳозир танқидчи ўзини, аввало, адабиётшунос ўлароқ ҳис қилади, ёзганларида ҳам олимнинг назари устувор. Балки, адабий танқидий асарларни кўпроқ мутахассислар ўқишининг сабаби шундадир?! Ҳолбуки, танқид ўқувчи омма билан мулоқот қилиши, уни адабий асар моҳиятига яқинлаштириши, муҳими, унда ўқиш эҳтиёжи ва уқиш малакасини шакллантириши лозим”, деб уқтиради Д. Қуронов.

“Адабий танқидий асар илмий мақоладек эмас, адабий асар каби ўқилиши, бир сўз билан айтсак, ЎҚИШЛИ бўлиши керак”, деб қайд у.

 Яна бир таниқли адабиётшунос Раҳимжон Раҳматнинг айтишича, “Бизда холис адабий танқид ҳозирча шаклланиб улгургани йўқ. Мен йигирма йилдан буён, нақадар зерикарли бўлса-да, адабий танқидни кузатиб келаман. Бу соҳамиз холислик ва самимиятдан анча узоқ ҳали. Адабий танқидимизда ақл ва руҳ сезилмайди. “Кўплаб отахон устозларимизнинг кўп йиллик меҳнатини бир оғиз сўз билан йўққа чиқармоқчи эмасман, албатта”, деб қайд этади у.

Раҳимжон Раҳмат “…Ҳозирги кунда адабий танқидда истеъдодлар ғойиб бўлди. Ўтган асрнинг 90-йилларида ёш ва умидли олимларимиз жуда кўп эди. Афсуски, уларнинг барини турмуш деган аждарҳо ютиб юборди. Умуман, бизда адабий танқидда танқид йўқлигини ҳам эътироф этиш жоиз. Бизлар адабий танқид воситасида бир-биримизнинг кўнглимизни кўтариб, дўстона муносабатимизни билдириб қўямиз, холос. Адабий танқид билан шуғулланиш жуда ҳам ноқулай эканлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Менинг ўзим бундан икки йил бурун ўзим тенги ёзувчиларнинг қатор ҳикояларини асосли танқид қилиб, битта мақола ёзгандим. Бу мақоламни матбуотда эълон қилишдан ҳалиям чўчийман. Чунки мақолам эълон қилинса, унда номи тилга олиниб, асарлари танқид қилинган ёзувчилар бирданига мени ёмон кўриб қолади. Айримлари қайсидир шаклда менга зарар етказишга ҳам уриниб кўриши мумкин, деб тахмин қиламан. Жасорат етишмайдими менда?.. Билмадим”, деб хулоса қилади.

Rahimjon_Rahmat1Муаллифнинг айтишича, “…устозларимиз росмана адабиётчи олим эмас, балки адабиётдаги дипломатлар эканлигини яхши биламан. Ҳаммамиз сентименталмиз, ҳали танқидга дуч келмай, кўзларимиз ёшланиб, овозларимиз ингичкалашиб қолган”.

Раҳимжон Раҳматнинг фикрича, ҳозирги кунда шоирман, ёзувчиман, бешта, ўнта китоб чиқардим дегувчи сохта ижодкорлар армияси пайдо бўлди. Бу армия ўзининг кучи ва қуроли билан омма дидини бениҳоя пасайтириб юборяпти, керак бўлса, миллатимиз ахлоқига тажовуз қиляпти.

Муаллиф замонавий қўшиқчилар айтаётган ашуланинг матнига бир диққат қилиб кўришни маслаҳат беради. “Ҳофизларимиз одамнинг асабини қўзғаб, кўнглини айнитар даражадаги сўз қоришмаларини қўшиқ қилиб айтаётганини кўрасиз. Айниқса, замонавий қўшиқчиликда матннинг ўрни нолга тушиб қолди. Уялмайдиям-а, ҳеч қайсиси?”, дейди у.

“Адабиётчи мутахассислар томонидан ижоди эътироф этилмаган, ҳатто тилга тушмаган ҳаваскор шоирлар катта байрамларда тўпланадиган санъат элитаси орасида кўриниб қоляпти. Ҳофизларимиз ўта мантиқсиз, фақатгина чўчқанинг миясидан чиқиши мумкин бўлган ўта саёз, бемаъни алжирашларни катта давраларда қўшиқ қилиб куйлашмоқда. ”Ҳой, адабий танқид, нега жимсан?  Ярамас ва сурбет истеъдодсизлик тўрга чиқиб, ялпайиб ўтириб олибди, ҳам ақл бўлиб бир нарсаларни гапиряпти. Бир ҳамла билан уни пойгакка тушириб юборсанг бўлмайдими?”, деб фиғон қалади мутахассис.

Муаллиф сўзининг хулосасида адабиётимизда жудаям уятсиз одамлар кўпайиб кетди. Адабиётдан узоқ кимсалар фақатгина пул ишлаб олиш мақсадида русча дедектив асарлардан кўчирмачилик қилиб ёстиқдек романлар яратиб ташлаяпти, деб қайд этади.

“Ҳамма нарсадан кўнгилхушлик излайдиган кимсалар жиддий фикрдан чўчийдиган, қочадиган бўлиб қолди. Мумтоз меросимизни қизиқиб ўқийдиган ўқувчилар бутунлай йўқолиб кетди. Гарчи тўртта-бешта шеърий китоб чоп этиб улгурган бўлса-да, Абдулла Қодирий билан Чўлпонни адаштириб юборадиган “шоирбачча”лар кўпайди. “Танқид саралашдир”, дейилади. Лекин бугунги кунда танқид сараламаяпти. Танқиднинг ўзи йўқ бугун. Лекин жуда керакли нарса танқид…”, дейди Раҳимжон Раҳмат.

Суҳбатнинг тўлиқ матни сайтимизда эълон қилинди.