Ўзбекистонда “электрон ҳукумат”: орзу, ҳақиқат ва рўё

2770-egovernm_article

Бугунги кунда Ўзбекистонда “Электрон ҳукумат” одамлар турмушига чуқур кириб бораётган атамалардан ҳисобланади. Хусусан, яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилнинг биринчи чораги якунларига бағишланган мажлисида Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарларига “Электрон ҳукумат” тизимини шакллантиришнинг комплекс дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига интерфаол давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон шаклларини жорий этишни алоҳида назоратга олиш топширилган эди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, «Электрон ҳукумат» концепцияси ҳукуматнинг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш мақсадида бутун ҳокимият тармоқларининг ҳам ўзаро, ҳам жамият билан самарали информацион ҳамкорлигини таъминлайдиган ахборот-коммуникация технологияларидан (АКТ) фойдаланиш, демакдир.

Бу концепция давлатнинг фуқаролар ва бизнес билан муносабатини тубдан ўзгартиради, ҳукумат фуқароларга тақдим этиши лозим бўлган маълумотлар ҳажмини сезиларли даражада оширади, турли маълумотлар базаси очиқлигини таъминлайди, давлат органларида изчил равишда электрон ҳужжатлар айланиши ва бошқа инновацияларни жорий этади.

Албатта, АКТнинг давлат ҳокимияти ва бошқарувида кенг қўлланилиши давлат фаолиятининг самарадорлиги ошишига хизмат қилади. Электрон ҳукуматнинг миллий ўзбек модели давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини янги информацион технологиялар билан таъминлаш билангина чекланиб қолмай, балки ҳокимият ва аҳоли муносабатларини ислоҳ этишни ҳам кўзда тутади.

«Электрон ҳукумат» фуқароларнинг ҳокимият, турли ижтимоий хизматлар, қўмиталар ва идоралар, охир-оқибат исталган даража ва мақомдаги раҳбар билан тўғридан-тўғри ва очиқ диалогни таъминлаши керак, бу эса давлат ҳокимиятини нафақат очиқ, балки интерфаол қилади.  Моҳиятига кўра, «электрон ҳукумат» тузиш — бу субъектив омилнинг таъсирини сусайтирган ҳолда амалдорни фуқарога яқинлаштиришдир. «Электрон ҳукумат» тузишнинг мақсадларидан бири назорат остидаги ва фуқаронинг масаласи қай тарзда ечилишини кузатиш имкониятини яратадиган амалдор ва фуқаронинг мулоқотидир.

 Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда “электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Буни мамлакатда давлат бошқарувининг барча жабҳасига ахборот-коммуникация технологияларини изчил жорий этишга доир амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тақозо этмоқда.

Айни пайтда давлат ҳокимияти органлари томонидан веб-сайтлар ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида (www.gov.uz) 400 дан ортиқ интерфаол хизматлар кўрсатилмоқда, деб хабар беради ЎзА.

2012 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони (мобиль интернет фойдаланувчилари сони билан қўшиб ҳисоблаганда) салкам 10 миллионга етди.

Мамлакатда “электрон ҳукумат”ни шакллантириш учун изчил ҳаракатлар қилинмоқда, энг муҳими, сиёсий хоҳиш ҳам бор. Хўш, улар нималарда кўринади? Аввало, Ўзбекистонда сиёсий партиялардан бири — “Адолат” СДП 2009 йилдаёқ ўз сайловолди платформасида истиқболда электрон ҳукуматни шакллантиришни ўз олдига мақсад қилиб олди. Партия биринчилардан бўлиб, ўз олдига ушбу концепцияни амалга ошириш вазифасини қўйди. Партиянинг расмий сайтида “Электрон депутат” минбарининг ташкил этилгани ўша саъй-ҳаракатлардан биридир. Аммо партия бугунги кунда ушбу йўналишни қарийб ёддан чиқарди. Чунки бошида партия оддий одамлар саволига жуда жонли жавоб бериш тизимини йўлга қўйган эди. Бу сиёсий кучларда “электрон ҳукумат”га нисбатан позиция мавжудлигини кўрсатади.

Иккинчидан, Ўзбекистон президенти бу борада ўзининг сиёсий хоҳиши жиддий эканлигини бир неча фармон ва қарорларида исботлаб берди. Аввало, ушбу соҳада хориж мутахассисларини давлат бошқарувига кенг жалб эта бошлади. Уларнинг йириги, шубҳасиз, кореялик мутахассиснинг вазир ўринбосари даражасидаги лавозимга тайинланишидир. Илгари Корея Республикасининг давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Ким Нам Сокга Ўзбекистон алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси ўринбосари мақоми берилган.

Кореялик мутахассис бошчилигидаги гуруҳ Ўзбекистон Республикасида “электрон ҳукумат”ни шакллантиришга кўмаклашади. Бундай қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига 2012 йил сентябрь ойида қилган ташрифида эришилган келишув асосида қабул қилинган. Корея Республикаси дунё миқёсида электрон ҳукуматни жорий этиш бўйича пешқадам давлатлардан ҳисобланади. Ўзбекистон эса 193 мамлакат ичида 91 ўринда қайд этилган. Бу ҳам Ўзбекистон бу борада изчил мақсадларни ўз олдига қўйганлигидан даракдир.

Шу билан бир қаторда, ҳукумат “Электрон ҳукумат”ни шакллантириш бўйича амалий қадамларни ташлади. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 22 ноябрдаги “Ахборотлаштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, давлат органининг расмий сайтига жойлаштирилиши мажбурий бўлган ахборотлар рўйхати белгилаб қўйилди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибга кўра, ҳозирги кунда  102 та йўналишда ахборот Ҳукумат порталига тақдим этиб борилади. Гарчи амалиётда gov.uz сайти жуда фойдали бўлаётган бўлса-да, ҳудудий масалаларда “электрон ҳукумат”ни шакллантириш оғриқли мавзу бўлиб қолмоқда.

Vatandosh маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) расмий сайтларини ўрганиб чиққанда, 14 та субъектнинг бор-йўғи 4 таси 15 май куни ўз сайтинги янгилаган. 3 таси эса апрель ойидан бери ўз расмий сайтларини янгилаб бормаган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг  тегишли қарори билан ҳар ҳафта камида янгилаб борилиши кўрсатилган бўлса-да, сайтлар фаолияти жуда қониқарсиздир. Қўйилаётган ахборотлар ҳам бевосита ҳокимлик    ёки шаҳар маъмурияти фаолияти билан боғлиқ эмас, балки умумий тусдаги ахборотлардир.

Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган тартибга кўра, маҳаллий вакиллик ёки давлат ҳокимияти органи қабул қилган ҳужжат адлия идоралари томонидан рўйхатга олингач, икки иш куни ичида эълон қилиниши керак. Минг афсуски, биронта ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти органи бу талабга амал қилаётгани йўқ. Охирги марта қўйилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2012 йил билан боғлиқ эканлиги, албатта, ачинарли.

Гапнинг индаллосини айтганда, расмий сайтлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминловчи биринчи омилдир. Ўзбекистонда ижтимоий инфратузилма объектлари, чунончи, электр энергия таъминотидаги муаммолар интернет фаолиятига ҳалақит бераётган бўлса-да, бугунги кунда интернет ва шу орқали мамлакатнинг ахборот сиёсатини олиб бориш ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонда “электрон ҳукумат” ғояси сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватланади, уни ривожлантиришга интилиш ҳам мавжуд. Аммо интерактив давлат хизматлари мунтазамлигини таъминланмас, давлат ўз ахборот сиёсатини ўзгартирмас экан, “электрон ҳукумат” рўё бўлиб қолаверади.