Ўзбекистон БТМнинг инсон ҳуқуқларига оид 58 та тавсиясини рад этди

    laks

    БМТ Бош котибининг Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ёрдамчиси Иван Шимонович Ўзбекистонга ташрифи доирасида мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида бир қатор муаммоларни аниқлади, деб хабар беради 12news.uz сайти БМТ Янгиликлар марказига асосланиб.

    У, хусусан, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, судлар мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига тўсиқларни бартараф этиш кераклигини уқтирган.

    Ўзбекистонга ташрифи доирасида Иван Шимонович ҳукумат, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда суд ҳокимияти вакиллари билан учрашган. Мазкур учрашувлар чоғида у Ўзбекистон тарафи БМТ билан инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорликка тайёр эканлигини кўрган.

    “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида катта натижага эришилган бўлса-да, инсон ҳуқуқи соҳасида қатор муаммолар сақланиб қолмоқда”, деб қайд этади БМТ расмийси.

    Унинг фикрича, зўравонлик, ҳибcга олиш, эркин фикр билдиришни чеклаш, фуқаролик жамияти институти вакиллари, журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш,  оммавий ахборот воситалари фаолиятини чеклаш бўйича муаммолар бор. У мазкур масалалар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича механизмлари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда конструктив муҳокама қилинганини айтиб ўтди.

    БМТ бош котиби фикрига кўра, ўтган давр мобайнида БМТ тузилмалари томонидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият таҳлил қилиниб, 203 та тавсия берилган. Ўзбекистон ҳукумати улардан 101 тасини қабул қилишини маълум қилган. 58 та тавсияни рад этиб, 14 тасини қайта кўриб чиқишини ҳамда 30 таси бўйича мамлакатда тегишли ишлар амалга оширилганини қайд этган.

    Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, ўз навбатида, БМТ тузилмалари томонидан билдирилган тавсиялар ижросини таъминлаш мақсадида миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишини маълум қилган.

    БМТ Бош котиби ёрдамчиси Ўзбекистон адлия, ички ишлар ҳамда Бош прокуратураси расмийлари билан мулоқот чоғида қамоқхона ва тергов изоляторларидаги вазиятни мустақил кузатиб борадиган механизмларни яратиш кераклигини тавсия қилган.

    БМТ Бош котиби ёрдамчиси фуқаролик жамияти институтлари фаолияти учун шарт-шароитларни кенгайтиришга чақирган.