Ҳиндистон вице-президенти Ҳамид Ансорий Ўзбекистонга ташриф буюради

    main13158257_1a2bfd118d36ba624be45c9ff1e06a62

    Ҳиндистонлик юқори мартабали сиёсатчи бошчилигидаги делегация шу йилнинг 21 май куни  Тошкентда Ўзбекистон Президенти, Қонунчилик палатаси Спикери, Сенат Раиси билан музокаралар олиб боради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти хабар тарқатди.

    Интернет манбаларида келтирилишича, Ҳиндистон делегацияси Ўзбекистон раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, шунингдек, Афғонистон масаласини атрофлича кўриб чиқишади.

    Ҳиндистон делегацияси вакиллари, шунингдек, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига ҳам ташриф буюришади.

    Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Саид Акбаруддиннинг айтишича, вице-президентнинг Ўзбекистонга ташрифи минтақадаги стратегик шерик билан юқори даражадаги учрашувларни давом эттириш, шунингдек, Афғонистонда ҳал қилувчи роль эгаллайдиган стратегик шерик билан мулоқотларни янада кенгайтиришга ёрдам беради.

    «2014 йил яқинлашган сари тобора чигаллашиб бораётган халқаро терроризмга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон билан доимий ва ишончли мулоқот олиб борамиз. Биз бу давр мобайнида юзага келадиган бир неча сценарийларни муҳокама қиламиз. Биз Ўзбекистон билан Афғонистонда барқарорлик тарафдоримиз ва бу йўналишда ҳамкорлик иш олиб боришни истар эдик», деди матбуот котиби.