Сурия инқирози: Европа Иттифоқи урушга тайёрланмоқда

EU-AFP

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташки ишлар вазирларининг навбатдаги учрашуви жиддий масалаларни қамраб олди. Ана шундай масалалардан бири Сурия мавзуидир.

12 соат давом этган музокаралардан сўнг ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Сурияга қурол-яроғ етказиб бериш бўйича эмбарго муддатини узайтирмайдиган бўлишди, иқтисодий санкциялар эса камида яна бир йил давом этади. Дипломатларнинг фикрича, Европа Иттифоқи яқин истиқболда ҳарбий тўдаларни қуроллантиришдан тийилиб туради.

“Қурол-яроғ эмбаргоси тугади. Қурол юбориш ҳақида ҳали қарор қабул қилинмади. Бошқа санкциялар ўз кучида қолди”, деб ёзган Буюк Британия ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг.

Мазкур қарорга Германия, Австрия, Швеция, Финляндия, Чехия жиддий эътироз билдирган.

Франция ва Буюк Британия 2011 йилнинг май ойида жорий этилган эмбаргони тўлиқ бекор қилишни ва Башар Ассадга қарши курашаётган қуролли гуруҳларга қурол-яроғ етказиб беришни талаб қилди. Расмий Лондон ва Париж айнан қуролли гуруҳларни қуроллантиришгина, Сурия ҳукуматига таъсир имкониятларини яратади.

Жорий йил февраль ойида Европа Иттифоқига аъзо-давлатлар “тинч аҳолини муҳофаза қилиш мақсадида” учиш учун мўлжалланмаган ҳарбий қуролларни етказиб бериши мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилишган эди. Аксарият гуманитар ташкилотлар Иттифоқнинг бу қарори “оғир оқибатларга” олиб келиши мумкинлигини қайд этишди.

“Сурия инқирозини ҳал этишнинг осон йўли йўқ, аммо қурол етказиб бериш муаммони ҳал этмайди. Халқаро ҳамжамият сиёсий ечим топишга интилиши керак. Барча можарода турган барча тарафларга қурол етказиб беришга қарши курашиш керак”, деб қайд этади Oxfam эксперти Анна Макдональд ББСга берган интервьюсида.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейгнинг фикрича, Евроопа Иттифоқи эмбарго муддатини узайтирмасдан Башар Ассад режимига жиддий сигнал юборди.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича комиссари Кэтрин Эштоннинг айтишича, Россия ва Америка ўртасида Сурия масаласида олиб бориладиган музокаралар натижасида Европа Иттифоқига аъзо-давлатлар 1 августга қадар ушбу масалага яна қайтади.

Россия Федерацияси, ўз навбатида, мазкур қарорни қоралаб чиқди. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябковнинг айтишича, бундай қарор Россия ва Американинг Сурия инқирозини бартараф этиш бўйича режасига ҳалақит беради.

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ Сенати аъзоси (республикачилардан) Жон Маккейн Сурияда қуролли тўдалар билан учрашган.

Умуман, Сурия масаласида халқаро ҳамжамият борган сари фаоллашиб бораётгани ва турли кутилмаган қарорларнинг қабул қилинаётгани оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.