Сурия инқирози: халқаро конференцияда ким ғалаба қозонади?

 U.S., Russia to seek Syria peace accord

Америка дипломатларининг узоқ этган саъй-ҳаракатларидан сўнг расмий Москва Сурия инқирозини муҳокама қилиш учун халқаро конференция ўтказишга розилик берган.

Ушбу конференцияда 2011 йилнинг март ойидан бери илк марта Сурия ҳукумати ва мухолифат вакиллари музокара столига устига ўтириши кутилмоқда. Унда асосий “секундант” вазифаларини АҚШ ва Россия бажариши кутилмоқда.

Фуқаролар уруши (гарчи буни экспертлар турлича баҳоласа-да) ўтган давр мобайнида 100 минг нафардан ортиқ аҳолининг умрига зомин бўлди, миллионлаб кишилар қочоқ сифатида ўз шаҳарларини тарк этишга мажбур бўлмоқда. Хўш, дунёдаги йирик мамлакатлар томонидан ташкиллаштирилаётган конференция ўз олдига қўйган вазифаларни бажара оладими? Унда ким ғолиб-у, ким мағлуб бўлади?

Маълумки, сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида Россия Сурияга ҳарбий қурол-яроғлар етказиб бераётгани ҳақида хабарлар бот-бот янграмоқда. Россия Сурия ҳукуматини, Саудия Арабистони, Қатар ва бошқа Ғарб мамлакатлари эса қуролли мухолифатчиларни изчил қуроллантириб турган бир пайтда музокара столига ўтириш нечоғли фойда келтиради? Айрим таҳлилчилар фикрича, томонлар бундай конференцияни ўтказиш орқали ўзларининг халқаро ҳамжамият олдидаги “можароларни тинч йўллар билан ҳал этиш” мажбуриятини бажариш сифатида баҳолаш мумкин. Яъни ҳеч ким бундай музокарадан жўялироқ ечим кутмаяпти.

Маълумки, ҳозирги кунда Суриянинг ракетага қарши мудофаа тизими ўтган асрнинг ўрталарига тааллуқли бўлган “С-125” қурилмасини ташкил қилади. У 1961 йилда Сурия армиясига қабул қилинган. Россия томонидан “С-300” ракетага қарши мудофаа тизими мажмуаси  етказиб берилиши ушбу мамлакатга ҳаводан қилинадиган ҳужумларни қарийб йўққа чиқариши мумкин.

Айни пайтда ўзларини Ғарб мамлакатлари шафелигида “мухолифат” деб эълон қилган қуролли гуруҳлар бир неча ҳафтаки ўз позицияларини Башар Ассад армиясига бериб қўймоқда.

Башар Ассад армиясининг тактик жиҳатдан жангларда ғалаба қозонишининг асосий боиси унинг хорижлик шериклари анча фаоллашиб қолгани, қолаверса, қуролли гуруҳларнинг заифлашиб бораётганидир.

Кузатувчиларнинг фикрича, Россиянинг халқаро конференцияни ўтказишга розилик бериши Сурия ҳукуматига қарши курашаётган қуролли гуруҳлар ўртасида тарқоқликни янада кучайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Гап шундаки, бир қатор Ғарб мамлакатлари тан олган Сурия инқилобий ва мухолифат кучлари коалицияси жиддий қийинчиликларни бошидан ўтказмоқда. У ўзига янги раҳбарни тайинлаши, айни чоғда ўта радикал қуролланган гуруҳлар билан ҳам қандайдир ишлар олиб бориши талаб қилинади. Сўнгги маълумотларга кўра, “мухолифат” сафида кураш олиб бораётган жангариларнинг камида 10 фоизи “Жабҳат ан-Насра” ҳаракати билан алоқадор. Улар эса “Ал-Қоида” билан “оғиз-бурун” ўпишган ташкилот ҳисобланади. Ўта радикал кайфиятдаги ҳарбий тўдалар эса Башар Ассадга қарши кураш олиб бораётган ҳамда Ғарбда тўғридан-тўғри кўмак олаётган Сурия озодлик армиясини тан олмайди.

Гарчи конференциянинг аниқ санаси белгиланмаган бўлса-да, Сурия ҳукумати “мухолифат” вакиллари билан музокаралар учун бош вазир Ваэль аль-Халқий, вице-премьер Қадрий Жамил, ахборот ва миллий бирдамлик вазирлари Омран Зоаби ва Али Ҳайдар, шунингдек, Қизил хоч масалалари бўйича давлат вазири Жозеф Свейддан иборат вакиллари рўйхатини юборган.

Аммо қуролли тўдалар коалицияси ушбу рўйхатдаги айрим исмлар юзасидан ўз эътирозини билдирган. Уларнинг фикрича, бу шахслар ҳеч қанақа амалий таъсирга эга эмас. Шу билан бирга, мухолифат вакиллари фақатгина Башар Ассаднинг ҳокимиятдан кетиши сиёсий ўтиш жараёнига имконият яратишини таъкидлашмоқда. Башар Ассад эса, ўз навбатида, 2014 йилгача, яъни конституциявий муддати тугамагунича, ҳокимиятдан кетмаслигини айтади. “Фақатгина Сурия халқи ким ва қачон кетиши кераклишини ҳал қилиши мумкин. Истеъфога чиқиш қочиш демакдир”, деб айтган у Аргентина матбуот нашрига берган интервьюсида.

Нима бўлганда ҳам, Жон Керри яқинда бўлиб ўтадиган “Сурия дўстлари” билан учрашувда ҳамда Истамбулда мухолифат вакиллари билан конференция масаласида мулоқот олиб боришга мажбур. Умуман, Сурия инқирозининг охири кўринмайди.

Хулоса қилиб айтганда, Сурия инқирози бўйича ўтказилажак халқаро конференцияда ҳеч ким оддий суриялик тақдири ҳақида эмас, ўз манфаатларини ўйлаб музокара столига ўтиради. Ҳукумат ўз дардида, ҳарбий тўдалар ўз дардида. Россия ва Хитой, Ғарб ўз манфаати йўлида иш тутади… Қурбонлар сони эса кўпайишда давом этади.

Мурод ҒОФУРОВ.