Ислом Каримов: “Қандай қийин бўлмасин, Афғонистонда қарама-қарши кучларни музокаралар орқали ўзаро келишувга олиб келиш зарур”

UzA
UzA

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 9 Май — Хотира ва қадрлаш куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда Афғонистон масаласида ҳам ўз фикрини билдириб ўтди.

“Ҳаётнинг ўзи бир ҳақиқатни такрор ва такрор исботлаб бермоқда. Яъни, тарихни билмаган, тарихни унутган, тарихдан хулоса чиқармаган ҳар қандай инсон, ҳар қандай халқ ўз йўлидан адашиши, бир вақтлар йўл қўйган хатоларини яна такрорлаши мумкин”, деб қайд этади Президент.

Афғонистондаги мавжуд вазиятни кўпчилик халқаро сиёсатчилар ночор, ўта оғир ва қалтис, деб баҳоламоқда. Содда қилиб айтганда, кўп йиллардан буён давом этаётган бу қонли урушни ҳарбий куч билан ҳал қилиш мумкин эмаслигига урушда қатнашаётган томонлар тобора иқрор бўлмоқда, айнан шу ҳолатни кўпчилик тан олмоқда.

Бошқача айтганда, бу инқирозни бартараф этишнинг ягона йўли – сиёсий йўл бўлиб, қандай қийин бўлмасин, қарама-қарши кучларни музокаралар орқали ўзаро келишувга олиб келишдир. Ва шу аснода вақтинчалик ҳукумат тузиш, сайловлар ўтказиш, Афғонистон олдида турган оғир муаммоларни ҳал этишга ўтишдир. Худди шундай йўл билан бу инқирозни ечиш мумкин эди. Минг афсуски, бугунги кунда Афғонистоннинг ўзида ва унинг ташқарисидаги кучлар ўз манфаатларини кўзлаб, бу можарони сиёсий асосда ечишга қарши чиқмоқда.

Мана шундай ўта оғир ва таҳликали бир вазиятда Афғонистонда жойлашган, асосан АҚШ ва Европа давлатларининг АЙСЕФ деб ном олган ҳарбий кучларини яқинда Афғонистон ҳудудидан чиқариш жараёнининг бошланиши кутилмоқда. Бу Афғонистонда янги қарама-қаршиликнинг авж олишига, турли миллат ва элатлар ўртасидаги зиддият ва тортишувларни янада кучайтиришга олиб келиши мумкин.

Ўз-ўзидан аёнки, бундай ҳолат Афғонистон атрофидаги мамлакатлар ҳудудида ҳам кескинлик ва катта муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Ўзбекистоннинг Афғонистон давлатига нисбатан олиб бораётган сиёсати аниқ ва очиқ, деди мамлакатимиз раҳбари.

Ўзбекистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик, Афғонистонга қарши қаратилган турли ҳарбий-сиёсий бирлашмаларда қатнашмаслик, Афғонистон билан алоқаларимиз ва ҳамкорлигимизни фақатгина икки томонлама асосда ташкил қилиш, афғон халқи танлаган ҳукуматни қўллаб-қувватлаш сиёсатини ўзига маъқул топади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон анча йиллардан бери Афғонистон инқирозини бартараф этиш учун “6+3” мулоқот гуруҳини ташкил этиш кераклигини илгари суриб келади. Унга кўра, Афғонистонга қўшни давлатлар ҳамда НАТО, АҚШ, Россия ушбу мамлакатдаги қарама-қарши кучларни музокара столига олиб келиши керак бўлади.