Жаҳонгир Отажонов Озодбек Назарбеков қўшиқларига тоқат қила олмаслигини айтиб ўтди

71591467

Ўзбекистон эстрада санъатида ўзининг соҳир овози, бетакрор ижоди, ўзига хос характери билан кўпчиликнинг қалбидан жой олган Жаҳонгир Отажоновнинг айтишича, у қўшиқларини ТВ ва радио орқали эфирга бериб, уларни реклама қилишни мутлақо истамайди. “Мухлисларим концерт дастурларимдаги янги қўшиқларимни концерт дисклари чиққач, эшитиш имкониятига эга бўлишади. Шу вақтгача дастурларимдаги қўшиқларнинг кўпчилиги ҳатто студияда ёзилмаган. Энди уларнинг хит даражасига чиқишига келсак, агар мен ҳам бошқалар каби қўшиқларимни тинмай айлантирганимда хит даражасига чиқишига ишончим комил”, дейди у, жумладан “Даракчи” газетасига берган интервьюсида.

Санъаткорнинг фикрича, ёлғон нарсани, ноҳақликни кўра била туриб, уни айтмаслик ҳам виждонингизга қарши боришдан ўзга нарса эмас. “Тан оламан, тилим билан кўпларнинг дилини яралаб қўйганимни дўстларим кўп таъкидлашади. Санъаткормиз деб кўкрагимизга уришни биламиз-у, кези келганда мухлисларни қаллобларча чув тушириб, алдаб кетамиз. Наҳот шу йўлдан кетаётган санъаткорларнинг виждони қийналмаса?! Мана шундай фикрларни айтганимдан кейин кўпчилик санъаткорлар юзларини ўгириб кетишган, бошқалари буни тўғри маънода қабул қилиб, ҳеч нарса бўлмагандек салом-аликни ўрнига қўйиб кетаверишади”, деб ёзғиради санъаткор.

Санъаткорнинг интервьюсида ўзига хос “мард” гап, албатта, унинг ҳамкасблари, чунончи, Ўзбекистон халқ артисти Озод Назарбеков ҳақидаги фикридир. “Очиғи, Озодбек Назарбековга яхши кўриниш учун кўзбўямачилик қилиб унинг концертига боргим келмайди. Боиси, унинг қўшиқларини, мусиқасини тинглашга тоқатим йўқ”, деди у.

Жаҳонгир Отажонов жонли ижро ҳақида ҳам ўз фикрини билдириб ўтади. “Бир дастурхонга ҳам булка нон, ҳам патир қўйсангиз, хўранда аввал қўлини патирга узатади-ку. Майли, ўша жонли ижрода куйлай оладиган-у, аммо талаб йўқлигидан, зал тўлмай қолишидан қўрқадиган санъаткор менинг концертимга келсин-да, икки жуфт қўшиқни жонли ижрода куйлаб кўрсин, мен ўз ўрнимни унга бўшатиб, ташқарида тура тураман. Техникани айблаб, овозим чиқмаяпти-ку, дейдиганларга  ўзи овозинг бормиди дегим келади”.