Эллик ёшда турмуш қураётганлар тиббий кўрикдан ўтиши мажбурий эмас

    Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

    Никоҳланувчи шахслар эллик ёшдан ошган бўлса, тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.

    Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартиш  ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ билан жазоланади.

    Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ билан жазоланади.

    Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

    Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган тузатишларга кўра, никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йили ФҲДЁ органлари томонидан 299,1 мингта никоҳ қайд этилган бўлиб, 17,9 мингта ажралишлар юз берган. Шунда ҳар минг нафар кишига 10 никоҳ, 0,6 та ажрашиш ҳолати тўғри келди.