Россия монополия хизмати “МТС-Ўзбекистон” ишида картел “қўлини кўрди”

    1342771059_165620_181400461877837_164604113557472_596808_630099_n1

    Россия Федерациясининг Монополияга қарши курашиш хизмати Ўзбекистоннинг “ХК “Rubicon Wireless Communication” МЧЖ ҳамда “Ўзбектелеком”нинг ихтисослаштирилган  филиали “Uzmobile”га қарши иш очган. RBCDailyнинг хабар беришича, ушбу алоқа компаниялари гўёки келишиб картель яратиб, алоқа бозоридаги асосий рақобатчиси — “МТС-Ўзбекистон”ни чиқариб юборишга ҳаракат қилган.

    Россиянинг “Рақобатни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига кўра, Монополияга қарши курашиш хизмати Россия Федерацияси юрисдикциясидан ташқари тузилган рақобатга қарши келишувлар бўйича иш очиш ҳуқуқига эга. РФ Монополияга қарши органининг фикрича, “МТС-Ўзбекистон”нинг мамлакат алоқа бозоридан чиқариб юборилишига картель келишуви сабаб бўлган бўлиши мумкин. Уларнинг айтишича, бу Ўзбекистон ва Россия ўртасида роуминг алоқасининг ҳажми қисқаришига олиб келган. Қолаверса, Россия алоқа операторининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган.

    Россия монополияга қарши органи иддоа қилишича, бундай хатти-ҳаракат Россия мобиль алоқа бозоридаги рақобатга салбий таъсир ўтказиб, “Ўздунробита”нинг кўплаб россиялик мижозларининг қийналишига сабаб бўлган.

    Ўзбекистонлик бир қатор юристларнинг фикрича, бу Россия томонидан “МТС-Ўзбекистон” ишига сиёсий тус беришга уриниш бўлиб, Монополияга қарши орган томонидан илгари сурилган айбловлар халқаро ҳуқуқ талабларига тўғри келмайди. Қолаверса, илгари сурилган айбловлар жуда ҳам сунъий айбловдир.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги талаби билан мамлакатдаги амалдаги қонунчиликни бузган “Ўздунробита” ўтган йилнинг 17 июлидан ўз фаолиятини 10 кунга тўхтатди. Кейинчалик бу муддат уч ойга узайтирилди. Компания масъул ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, бир қатор раҳбар ходимлар жавобгарликка тортилди.

    2012 йилнинг иккинчи чорагида “МТС” МЧЖ Ўзбекистон бозоридан чиқиб кетиши муносабати билан 1,79 миллиард долларни ўз ҳисобидан ўчиришга мажбур бўлади, дейилади RBCDaily хабарида. 2013 йилнинг январь ойида “Ўздунробита” банкротлик учун судга мурожаат қилди. Апрель ойида суд компанияни банкрот деб топди.