Мактаб битирувчиларини лицей ва коллежга тўлиқ қамраб олишга шахсан жавобгарлар белгиланди

images (14)

Кеча Вазирлар Маҳкамасининг 2013/2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига қабул тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор умумтаълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларини касб-ҳунар коллежларида ва академик лицейларда ўқитиш билан тўлиқ қамраб олишни, республика минтақалари иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларида талаб юқори бўлган касблар ва мутахассисликлар бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли кадрларни мақсадли ва сифатли тайёрлашни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Унга кўра, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида аниқ касблар бўйича касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига амалдаги эҳтиёжни танқидий таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган, 2013/2014 ўқув йилидан бошлаб республика ҳудудларида 26 та касб-ҳунар коллежини қайта ихтисослаштиришга рухсат берилади.

Қарор билан 2013/2014 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларини республиканинг касб-ҳунар коллежларига ва академик лицейларига қабул қилишнинг умумий параметрлари тасдиқланди.

Қарорда умумтаълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларини, ўқувчилар ва улар ота-оналарининг танланган ва иқтисодиёт тармоқларида эҳтиёж мавжуд бўлган мутахассисликлар бўйича ўқишга талабини, таълим муассасаларида зарур моддий-техника базаси мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқитиш билан тўлиқ қамраб олиш уқтирилган.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига, зарурат бўлганда, умумтаълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш мақсадида академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига қабул қилиш кўрсаткичларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари раҳбарлари умумтаълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларини келгусида академик лицейларда ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш юзасидан шахсан масъул сифатида белгиланган.