Қаҳҳорбек Абдуллабеков: Ўзбекистон сейсмик фаол ҳудудда жойлашган

Gazeta.uz
Gazeta.uz

Маълумки, шу йилнинг 25 ва 26 май кунлари Ўзбекистонда кучли зилзилалар қайд этилди. Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги, Мавлонов номидаги Сейсмология институтининг Геофизик майдонлар вариацияси лабораторияси мудири Қаххорбек Абдуллабековнинг “Даракчи” газетасига айтишича, “Ўзбекистон сейсмик фаол ҳудудда жойлашган ва у Ғарбдан яъни Қорақалпоғистондан то Тошкент, Фарғона водийсига қараб кучайиб боради. Ўзбекистонда сейсмик харита тузилган, унда республиканинг қайси худудида неча баллик зилзилалар рўй бериши мумкинлиги келтирилган. Мисол учун, Тошкентда кўпи билан 8 балли зилзила ёки Фарғонада 9 балли зилзилалар содир бўлиши мумкин. Ернинг 12 та яхлит плитаси бор бўлиб, уларнинг чегаралари сейсмик камар деб номланади. Ўзбекистон Ўрта ер денгизи – Осиё сейсмик камарида жойлашган.  Бугунги кунда ана шу камарда 1998 йилдан буён сейсмик фаоллик кузатилмоқда ва унинг 2017-18 йилгача давом этиши тахмин қилинмокда. Куни кеча рўй берган зилзилаларнинг сабаби ҳам ана шунда. Ҳинд ва Евроосиё плиталарининг тўқнашуви Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон худудида зилзилалар рўй беришига сабаб бўлади”.

Мутахассиснинг айтишича, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида зилзила ҳақида аниқ маълумот берадиган тизим яратилмаган. Шунинг учун қачон ва қаерда ҳамда қандай кучдаги зилзила рўй беришини олдиндан айтишнинг ҳозирча иложи йўқ. Қолаверса, кучли зилзилалар содир бўлиши учун узоқ вақт талаб этилади ва  бунда анча вақтгача сокинлик ҳукм суради. Шундай экан, зилзилаларнинг тез-тез содир бўлганини катта офатнинг яқинлашиши билан боғлаш керак эмас.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, зилзила вақтида ким қаерда бўлишига қараб ҳаракат қилган маъқул. Агар сиз кўпқаватли ўйда яшасангиз, ташқарига чиқишнинг иложиси бўлмаслиги мумкин. Иккинчидан, лифт ва зинапояларда ҳаракатланиш тавсия қилинмайди. Бундай вақтда энг яхшиси бакувватроқ стол, ёки шунга ўхшаш буюмнинг остига яшириниш, эшик кесакиси тагига туриб олиш керак. Бундан ташқари, мебелларни деворга қоқиб, қотириб қўйган афзалроқ. Зилзила вақтида электр ва газ манбаларини ўчириш керак бўлади. Кўчада бўлса кўп қаватли уйдан, электр симёғочлардан нарироқда туриш керак.

Эслатиб ўтамиз, яқинда содир бўлган зилзила турли миш-мишларнинг кўпайишига сабаб бўлди. Мутахассис бундай миш-мишлар асоссиз, деб қайд этди