Ўзбекистон мактабларини ярим миллион нафардан ортиқ ўқувчилар тамомлади

DSC_0349

Шу йилнинг 25 май куни Ўзбекистоннинг барча мактабларида сўнгги қўнғироқ тадбирлари бўлиб ўтди.

“Хайр, мактаб, салом, коллеж” шиори остида ўтган тадбирларда мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар, жамоатчилик, ота-оналар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари иштирок этишди, деб хабар беради gazeta.uz сайти Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Сўнгги қўнғироқда аълочи ва фаол ўқувчилар, қолаверса, турли олимпиадаларда қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларга фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда тўққизинчи синфни 533658 нафар ўқувчи тамомлади. Уларнинг келажакдаги фаолиятини аниқлаш учун ўтказилган сўров натижаларига кўра, 51231 нафар ўқувчи академик лицейларда, 482427 нафар ўқувчи эса коллежларда таълимни давом эттиради.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда 9765 та мактаб, 4962 та мактабгача таълим муассасаси, 304 та мусиқа ва санъат мактаблари, 445 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, шунингдек, 211 та “Баркамол авлод” болалар маркази мавжуд.