Ўзбекистонда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда

politika-uzbekistana-ministerstvo-finansov-uzbekistana

Бугун давлат харидлари масалалари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси нормалари, президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, шунингдек, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинаётир. Шу билан бирга, мазкур соҳани тартибга солаётган амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштиришга доир ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) мухбири М.Маметованинг ёзишича, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси давлат харидлари тизимида коррупциянинг олдини олиш мақсадида назорат ишларини мунтазам олиб бормоқда ва коррупция пайдо бўлиши сабабларини аниқламоқда.

Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш мақсадида ташкил қилинган ҳукумат комиссияси Давлат бюджети ва бошқа марказлаштирилган манбаларнинг товарларни (хизматлар, ишлар) давлат томонидан харид қилишга йўналтириладиган маблағларидан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланиш, шунингдек, давлат харидлари соҳасидаги қонунчиликка риоя этиш устидан назоратни амалга оширмоқда. Унинг ишчи органи бўлган Ғазначилик (котибият) давлат харидларини амалга ошириш самарадорлигини мониторинг қилиб бормоқда.

ЎзАда ёзилишича, даъвогарлар ўртасида ўзаро тил бириктириш, етказиб берувчилар ва буюртмачи ташкилотлар ўртасида коррупция алоқалари бўлиши, харидлар жараёнларини қалбакилаштириш ҳолатларини аниқлаш мақсадида Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ҳузурида давлат харидларини назорат қилиш бўлими фаолият кўрсатмоқда. Шикоятларни кўриб чиқиш, харидларни (тендер савдоларини) ҳар қандай босқичда – савдо бошланмасдан, тендер ғолиби эълон қилингандан сўнг ҳам бекор қилиш ушбу бўлим вазифалари сирасига киради.

Товар-хомашё биржасининг Арбитраж комиссияси эса шикоятларни судгача кўриб чиқиш ва баҳсларни ҳал этиш билан шуғулланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бозор ислоҳотларини изчил чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштиришга доир кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди, шу жумладан асосан кичик бизнес субъектлари сотиб оладиган товарлар (ишлар, хизматлар) учун квоталар ажратиш механизми жорий этилди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан «Ўзбекистон бюджет тизимини ислоҳ этиш» қўшма лойиҳаси доирасида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси, ушбу соҳани тартибга соладиган қатор қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Мутахассислар давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши кураш бўйича қонун ҳужжатларини мукаммал билиш, бутун харид жараёнининг ошкоралигини таъминлаш, бюджет интизомига риоя этилиши устидан доимий назорат олиб бориш, бюджет интизоми ҳамда шартнома мажбуриятларини бузганлик учун жавобгарликка тортиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашмоқда. Давлат харидлари тизимида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтириш, давлат харидлари билан боғлиқ шикоятларни судгача кўриб чиқиш ҳамда баҳсларни ҳал этиш амалиётини такомиллаштириш зарур.

Ўзбекистонда бугунги кунда давлат бюджетидан олинадиган харидлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида xarid.uz сайти ишга туширилган.