Россияда 6 нафар Ўзбекистон фуқароси ўқотар қуролдан жароҳатланган

597352053

Россия Федерациясининг Москва вилояти Чехов туманида Ўзбекистон фуқаролари травматик пистолетдан жароҳатланган. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги хабар тарқатган. Агентликка кўра, уч нафар Ўзбекистон фуқаросига нотаниш шахс пистолетдан ўқ узган. Уларга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳозирги кунда воқеа жойига тезкор-қидирув органлари вакиллари чиқиб, гувоҳ ва жабрланувчилар сўроқ қилинмоқда. Айни пайтда гумонланувчи қидируви эълон қилинган. Москва вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ушбу воқеани тасдиқлаган.

Москва вилояти Ички ишлар бошқармаси вакили Марина Лазареванинг “Эхо Москвы” радиосига берган интервьюсида қайд этилишича, жароҳатланганлар сони 6 нафар бўлиб, уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароларидир. Полиция вакилларига кўра, ўқ отган шахс муқаддам судланган бўлиб, у қуролга қандай эгалик қилгани номаълум.

RBCнинг хабар беришича, маҳаллий ички ишлар идорасига 6 нафар шахс жароҳатлангани ҳақида хабар келиб тушган, улар оғир алкоголь таъсири остида бўлган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчи 26 яшар шахс бўлиб, муқуддам ўғирлик учун судланган.