Маҳалла чипта сотади ёхуд Ўзбекистон — Қатар ўйини олдидан ўйлаб топилган усул ҳақида

210c8a_bb7e

Маълумки, шу йилнинг 18 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатар терма жамоасига қарши “Бунёдкор” стадионида ҳал қилувчи ўйинлардан бирини ўтказади.

 «Бунёдкор» стадиони директори Воҳид Зокировнинг “InterFutbol” газетасига берган интервьюсида қайд этилишича, ўша кунги муҳим учрашувга жиддий ҳозирлик кўрилмоқда.

Унинг айтишича, «Терма жамоалар маркази» билан чипталар савдосини тўғри йўлга қўйиш бўйича атрофлича маслаҳатлашилган.

“Яқин кунларда яна бир йиғилиш ўтказилади. Ҳозирда ҳар бир туман ҳокимияти, маҳалла раислари билан гаплашяпмиз. Демак, буюртма берадиган ташкилот ёки маҳалла чипта харид қилмоқчи бўлган фуқаролар рўйхатини бизга тақдим этади. Рўйхатда кўпи билан 30 киши бўлиши мумкин. Биз аризаларни ўрганиб чиқиб, буюртмаларга мос тарзда чипталарни тақдим этамиз. Буюртмачи томонидан мансабдор шахс чипталар сотилган секторга масъул ва жавобгар бўлади. Яъни рўйхатда номи келтирилган шахсларнигина стадионга киришини таъминлайди”, деб қайд этади стадион раҳбари.

Стадион директорига кўра, индивидуал тарзда чипта харид қиладиганлар учун ҳам махсус режа ишлаб чиқдик. Унга кўра, ҳар бир киши 2тадан ортиқ ололмайди. Чиптахоналар олдида махсус «Face control» камералари ўрнатилади. Чипта олаётган кишининг юз қиёфаси компьютерга муҳрланади. Қисқаси, икки мартадан навбатга туриб, чипта харид қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолатларда «ҳийла» дарров ошкор бўлиб қолади. Олибсотарлар бу янгиликни эшитиб, роса ранжишлари аниқ. Бизга аввалгидек ортиқча гап-сўзларнинг кераги йўқ.

Воҳид Зокировнинг айтишича, чипталар нусхаси тайёр. Энди баҳоси, ўйин санаси, жамоалар номи ёзилиб, махсус штрих-код киритилса бўлди. Нархлар ҳали расман белгиланмади. Лекин 26 март кунги ўйин билан таққослаганда, бу борада деярли ўзгариш бўлмайди.

“Яна бир бор такрорлайман, чиптани қалбакилаштиришнинг асло иложи йўқ. «Учарлар» беҳуда ҳаракат қилишмасин. Чунки штрих-код махсус куйдирадиган сканер орқали чиптага киритилади. Унинг муқобили йўқ”, дейди у, жумладан.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 26 март куни Ливанга қарши ўтказилган ўйинга чиқарилган чипталар савдоси билан боғлиқ каттагина муаммо юзага келганди.