Республикачиларни атайин текширгани учун Солиқ хизмати бошлиғи истеъфога чиқарилди

130425_steven_miller_irs_js_605

Барак Обама мамлакат солиқ хизмати директори Стивен Миллерни лавозимидан озод қилган.

Гап шундаки, яқинда Америка солиқ хизмати мухолифатдаги консерватив гуруҳ вакиллари даромадларини жуда жиддий текширишдан ўтказганлиги ҳақида ахборотлар пайдо бўлган эди.

Оқ уй раҳбари матбуот анжуманида унинг кўрсатмаси асосида мамлакат молия вазири Жек Лью Америка солиқ хизмати директори Стивен Миллердан истеъфога чиқишини талаб қилган.

«Мен бундай ҳаракатлар содир бўлмаслиги учун қўлимдан келган барча ишларни қиламан», деб таъкидлади у, жумладан.

Шуни айтиш керакки, сўнгги кунларда Оқ уй турли машмашалардан боши чиқмай қолган эди. Чоршанба куни мамлакат бош прокурори Эрик Холдер солиқ хизмати томонидан мухолифат вакиллари ҳисоб-рақамлари текширилгани, Associated Press ахборот агентлиги мухбирларининг телефон сўзлашувлари олингани, қолаверса, Бенгазидаги Америка консулхонасига қилинган ҳужум бўйича парламент олдида ҳисобот беришга мажбур бўлди.

Оқ уйда журналистлар учун қисқа баёнот билан чиққан Барак Обама республикачилар партияси вакилларининг солиқ органи томонидан текширилгани ҳақидаги ҳисоботни кўриб чиққанини ва буни «кечириб бўлмаслиги»ни айтиб ўтган. “Америкаликлар асосли тарзда бунга жаҳл қилишган, мен ҳам жаҳлдаман. Мен ҳеч бир вазирликда бундай “хатти-ҳаракат”га жим қараб турмайман”, деб айтиб ўтди у.

У солиқ органи раҳбари ишдан бўшатилиши билан бир қаторда, истиқболда бундай ҳаракатлар йўл қўйилмаслиги чоралари кўрилишини маълум қилди.

Бундан аввалроқ, Солиқ хизмати қўшимча солиқ текширувлари ўтказганлигини тан олган эди.