Ўзбекистонда чорак якунлари бўйича расмий статистик маълумотлар эълон қилинди

869be698e85e1df9616e5f66c997b7cf

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат стаститика қўмитаси 2013 йилнинг биринчи чораги бўйича статистик маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, 2013 йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш 7,5 фоизга ошди. Иқтисодий ўсиш мамлакат макроиқтисодий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш орқали таъминланди. Бунда инфляция даражаси паст кўрсаткични ва давлат бюджети профицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоизни ташкил қилди.

Саноатни янада ривожлантириш, тармоқлар рақобатбардошлигини ошириш ва янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга доир дастурий чора-тадбирларнинг амалга оширилиши саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 6 фоизга, жумладан истеъмол товарларини 9,4 фоизга оширишни таъминлади.

Жорий йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётда ўзлаштирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 4,6 триллион сўмни ташкил қилди ва солиштирма нархларда 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 фоизга ошди. Капитал қўйилмалар умумий ҳажмининг 68,2 фоизи иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш тармоқларидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди.

Бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажми 1,6 баробар, аҳоли маблағлари ҳисобидан 16,2 фоиз, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан 10,6 фоиз ўсди. Бунда ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажмининг 21,7 фоизини аҳоли маблағлари ташкил қилди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш объектларида 61,7 миллиард сўмлик капитал қўйилмалар, жумладан Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 44,1 миллиард сўм, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати кафолати остида четдан олинган заёмлар ҳисобидан 8,7 миллион доллар ўзлаштирилди.

Қўқон шаҳрини айланиб ўтадиган “Тошкент-Ўш” А-373 автойўл участкасининг 42 километрини реконструкция қилиш, янги “Тошкент айланма йўли” йўналиши участкасининг 8 километрини қуриш ишлари якунланди.

Ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш ва кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши шу йилнинг биринчи чорагида 7,2 мингта янги кичик бизнес субъектини ташкил этиш имконини берди. Энг кўп кичик бизнес субъектлари саноат (умумий соннинг 28 фоизи), савдо ва умумий овқатланиш соҳаси (27,4 фоиз), қишлоқ ва ўрмон хўжалигида (14,3 фоиз) ташкил қилинди.

Иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш доирасида 2013 йилнинг биринчи чорагида ташкил этилган 250,4 мингта янги иш ўрнининг 150 мингдан ортиғи (умумий соннинг 60 фоизи) қишлоқ жойларида яратилди.