Ўзбекистон фуқароси суд биносидан ўзини ташлаб юборди

31868_1369110032

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 52 яшар Ўзбекистон фуқароси суд зали деразасидан ўзини отиб юборган ва оқибатда воқеа жойида ҳалок бўлган.

РИА Новостининг хабар беришича, у Москва тумани судида ўз қилмиши бўйича суд мажлисига кириши керак бўлган. Аммо суд биносининг бешинчи қаватидан ўзини отиб юборган ва олинган тан жароҳати туфайли ҳалок бўлган.

Ички ишлар органларининг хабар беришича, у полиция ходимлари томонидан Россия Федерациясида бўлиш қоидаларини бузганлиги учун ҳибсга олинган. РИА Новостининг ёзишича, у суд ҳукми натижасида депортация қилиниши мумкинлигидан қаттиқ изтироб чеккан бўлиши мумкин.

Ҳозирги кунда ушбу воқеа юзасидан Тергов қўмитаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Воқеа содир бўлган пайтда суд назоратчилари бўлмаган. Чунки судья томонидан бундай талаб илгари сурилмаган. У полиция вакили билан суд коридорида кутиб турган бўлган. Ҳалок бўлган шахснинг исми ошкор этилмаган.

Россияда ҳозирги кунда 10,2 миллион нафардан ортиқ чет эл фуқаролари бўлиб, уларнинг 23 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. Ўзбекистон фуқаролари Россия федерациясидан 2012 йилда юборилган пул ўтказмалари миқдори 33 фоизга ўсиб, 5,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.