Нуқтаи назар: Россия Суриянинг “катта оғаси” бўла оладими?

Тацуа Ишима
Тацуа Ишима

Сурия инқирози айни қизиган бир пайтда Исроил бош вазири Биньямин Натаняҳу Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Президентнинг Сочидаги қароргоҳида бўлиб ўтган мулоқот чоғида Сурия инқирози муҳокама этилган.  Путин ушбу мамлакатдаги вазият жиддий ҳавотир уйғотишини қайд этиб, “ҳамкасби у билан бу борада ҳамфикр эканлиги”ни айтиб ўтди. Унинг фикрича, айнан қуролли хатти-ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий мулоқотларгина ушбу инқирозни ҳал этишнинг асосий омили ҳисобланади.

Айни пайтда яҳудийлар мамлакати ҳукумати раҳбари Биньямин Натаняҳу ҳам Исроил можаронинг тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори эканлигини таъкидлаб ўтган. “Биз қўшни давлатлар билан тинч-тотув яшаш тарафдоримиз. Икки қўшнимиз тинчлик битими имзолашга эришдик ва Худо хоҳласа, бошқа қўшнилар билан ҳам шундай келишувга эришамиз”, деб қайд этади у.

Сафар олдидан бир қатор АҚШ оммавий ахборот воситаларида ушбу учрашувда томонлар Россия томонидан Сурияга етказиб берилиши мумкин бўлган “С-300” ракетага қарши мудофаа тизими мажмуаси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниши кўзда тутилганлиги ёзилади. Май ойининг бошида расмий Қуддус Москвадан ушбу ҳарбий қуролларни Башар Ассадга сотмаслик расман сўралган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса, ўз навбатида, ушбу масалага изоҳ бер: “Ушбу масалада Россиянинг далиллари тақдим этилди. Улар эшитилди”. Кремль вакилининг мажҳул нисбатда гапириши ҳам Россиянинг Сурияга “С-300” мудофаа тизимини сотиш бўйича қарори жиддий эканлигини кўрсатади. Чунки у ушбу қарорни очиқчасига инкор этмаяпти.

Ўтган ҳафтада Исроилдаги дипломатия вакиллари томонидан Сурияга Россиянинг мудофаа тизимлари аллақачон етказиб берилгани айтиб ўтилади. Қайд этилишича, Сурия ҳукумати ушбу қуролларга Россиянинг ВТБ банки орқали  тўловни амалга оширган.

Исроил тарафи, ўз навбатида, Сурия мудофаа қобилиятининг кучайишидан хавотир билдирмоқда. Энг ёмон тафари, йил бошидан бери Исроил ҳарбий ҳаво кучлари икки марта Сурия иншоотларига қарата ҳаводан ҳужум уюштирди. Суриялик расмийлар эса бу мамлакат дахлсизлигига раҳна солиш билан бирга, исёнчи тўдалар билан келишилган ҳолда олиб борилаётганини айтиб ўтишган. Уларнинг фикрича, чунки Исроил ҳаводан ҳужум қилган пайтда ҳарбий исёнчиларнинг ердаги ҳарбий ҳаракатлари ҳам фаоллашиб қолган.

Шу йилнинг 3 ва 5 май кунлари ҳам Исроил ҳаво кучлари Сурия бўйлаб иккита ҳарбий зарбалар йўллаган. Ғарб разведка бошқармалари тарқатган хабарга кўра, Исроил шу билан Эрон томонидан Сурияга етказиб берилаётган ракеталарни йўқ қилган. Айни чоғда расмий Дамашқ Исроил ҳарбийлари шаҳардаги илмий марказга ҳужум қилганини айтишган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу хабарлардан жиддий хавотир олаётганини маълум қилган. “Сурияда йиғилаб қолган можаро шароитида дунё жамоатчилиги фикрини куч ишлатиш эҳтимолига тайёрлаш белгиларининг пайдо бўлаётгани жуда хавотирлидир. Биз ҳам 3 ва 5 май кунлари Дамашқ атрофига Исроил ҳарбийлари томонидан йўлланган ҳужумлар билан боғлиқ барча вазиятни таҳлил қиламиз ва аниқлаштирамиз”, дейилади вазирлик баёнотида.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ғарб давлатлари бундай усулни жуда кўп бора қўллаб кўришган. Унинг асосий мақсади одамларни руҳан бўлажак урушга тайёрлаш ва бу уруш эҳтимоли катта эканлигига ишонтиришдир. Шунда уларнинг халқаро ҳуқуқни четлаб амалга оширадиган ҳаракатларига кенг жамоатчилик кескин муносабат билдирмайди.

Экспертларнинг фикрича, расмий Дамашқнинг қўлида бундай ҳарбий мудофаа тизимининг пайдо бўлиши минтақада кучлар мувозанатини ўзгаради. Чунки ушбу давлатда замонавий радиолокация қурилмасининг бўлиши Сурия ҳарбий объектлари бўйлаб қилинадиган ҳарбий ҳужумларнинг хавфини оширади.

Ҳозирги кунда Суриянинг ракетага қарши мудофаа тизими ўтган асрнинг ўрталарига тааллуқли бўлган “С-125” қурилмасини ташкил қилади. У 1961 йилда Сурия армиясига қабул қилинган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қайд этишича, Россия Сурияга амалдаги шартномаларда кўзда тутилмаган қурол-яроғларни сотмайди. Унинг сўзларига кўра, Россия бундан олдин ўз зиммасига олган мудофаа учун мўлжалланган қурилмаларни Дамашққа етказиб беради. Бу ҳаводан бўладиган ҳужумларнинг олдини олади. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, бундай улкан мудофаа тизимини Сурияга яширинча етказиб бўлмайди. Чунки у бир неча қисмдан иборат бўлиб,  автомобиллар таъминотини талаб қилади. Бу ўнлаб машиналар дегани.

Умуман, Сурия инқирозининг ҳаддан кўп чўзилаётгани бежизга эмас. Аввало, Ироқ, Миср, Ливия ва бошқа давлатлар билан боғлиқ муносабатларда “тили куйган” Россия ва Хитойнинг ушбу масалани ҳал этишда ягона принципда турганидир. Россияни ҳам тушуниш керак. Негаки, Сурия Россия учун стратегик аҳамиятга эга мамлакат. Ушбу мамлакатда 100 минг нафардан ортиқ россиялик мутахассислар фаолият юритишади. Россия қурол-яроғ экспортида Сурия асосий роль эгаллайди.

Анлантика кенгаши тадқиқот маркази вакили Анна Боршчевскаянинг CNNга берган интервьюсида “Россия оммавий ахборот воситаларида Сурия инқирозининг бир томонлама ёритилиши Путинга босимнинг таъсирини камайтирмоқда”, деб айтади. Бизнингча, бу асоссиз хулоса. Чунки Россия ўз манфаатини ҳимоя қиляпти. У шунинг учун интилади.

Сурия инқирози ҳал этилиши керак. У қайси йўл билан бўлса-да, барҳам топиши лозим.

Умуман, бу фактларнинг барчаси Сурия тақдири ташқарида ҳал қилинаётганини кўрсатади. Бир нарса аниқки, Ассаднинг ҳокимиятда қолиш ёки қолмаслиги — Сурия халқининг қўлида эмас. Бу халқаро миқёсда “ўзаро тийиб туриш ва халқ хоҳиши” деган тушунчаларнинг емирилиб бораётганидан даракдир. Ғарб учун Ассад ҳокимиятдан кетиши керак. Россия ва Хитой учун уларнинг манфаати ёки таъсир доираси сақланиб қолиши керак. Вақт кўрсатади. Сурия халқи вақт қурбони бўлишда давом этади.