АҚШда яна бир Ўзбекистон фуқароси терроризмда айбланмоқда

738829

АҚШнинг Айдаҳо штатида Ўзбекистон фуқароси Фазлиддин Қурбонов терроризмда айбланиб ҳибсга олинган. Бу ҳақда АҚШ махсус хизмати вакиллари хабар тарқатган.

Фазлиддин Қурбонов шу ҳафта чоршанба куни штат пойтхати Бойсе шаҳрида ҳибсга олинган. Унга хорижий террористик ташкилотга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида жиноий фитна уюштирганлик айби қўйилмоқда.

Айблов хулосасида келтирилишича, Қурбонов 2012 йилнинг августидан 2013 йилнинг май ойига қадар АҚШ террористик ташкилот сифатида тан олинган “Ўзбекистон исломий ҳаракати” ташкилотининг қатор вакиллари билан уларга ёрдам кўрсатиш бўйича  мулоқотда бўлган. Унинг бундай “ёрдами” компьютер дастурлари ва пул маблағлари кўринишида бўлган.

Қолаверса, тергов маълумотларига кўра, у 2012 йил 15 ноябрь куни портловчи қурилма тайёрлаш учун керак бўладиган моддаларга эга бўлган. Унда қўл гранатасининг корпуси, алюмин кукуни ва селитра бўлган. Қурбоновнинг ҳамтовоқлари ҳақида маълумотлар эълон қилинмаган.

Қурбоновга, шунингдек, қўшни Юта штати прокуратураси ҳам айблов йўлга қилинган. Ушбу штатда у портловчи моддалар ҳақида ахборот тарқатганликда айбланмоқда.

Айтилишича, Қурбонов бугун судда ҳозир бўлади. Оммавий ахборот воситалари Қурбонов ва унинг ҳимоячилари билан боғланиш имкониятига эга бўлишмаган.

KTVB телеканали хабар беришича, Фазлиддин Қурбоновнинг оиласи бундан бир неча йил муқаддам кўчиб келган бўлиб, у Америкада қонуний яшаб келган. Хабарда айтилишича, унинг оиласи христиан динини қабул қилган бўлса-да, кейинчалик Фазлиддин Ислом динини қайтиб қабул қилади.