Twitterда Обамани ўлдиришга даъват қилган алабамалик бир йилга озодликдан маҳрум этилди

new_2012_coolЎзининг твиттердаги саҳифасида АҚШ президентини ўлдиришга чорлаган алабамалик Жарвис Бритон АҚШ суди томонидан бир йилга озодликдан маҳрум этилди. У 2012 йилнинг сентябрида твиттердаги саҳифасида АҚШ президентини ўлдиришга чорловчи “Let’s kill the president. F.E.A.R.” деган хабар қолдиради. Сўнг у махсус хизмат идоралари вакиллари томонидан ҳибсга олинади. Жарвис 2013 йилнинг март ойида ўз айбини тан олади. Суд Жарвис Бритонни бир йилга озодликдан маҳрум этиб, уч йил давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратида бўлиши ҳақида ҳукм чиқарди.

Май ойининг охирида Америка суди Донте Жамар Симсни ҳам Обама ҳаётига таҳдид солиб твит ёзганлиги учун 6 ойга озодликдан маҳрум этган эди.

Ўтган йили Буюк Британия фуқароси twitterдаги микроблоги орқали қилган ҳазиллари туфайли АҚШга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлишди. Негаки, уларнинг “Американи вайрон қил (Destroy America)” жумласи АҚШ полициясининг террорчиликка қарши курашиш бўлими ходимларининг эътиборини тортди.

АҚШга таътилга отланган Британиялик Лее ванн Брайаннинг ушбу ҳазили полиция агентлари томонидан бир ҳафта олдин кузатувга олинади. У ўз севгилиси билан Лос-Анжелес халқаро аэропортига қўнгач, қуролланган хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинади. Беш соатлик сўроқдан сўнг уларнинг қўлларига кишан тақилиб, ноқонуний иммигрантлар ушлаб турилган ҳибсхонага олиб келинади. Эртасига эса Англияга қайтариб юборишади. Сайёҳларнинг айтишича, улар билан худди террорчилардек муомала қилишган.

Брайаннинг қайд этишича, “Destroy America” британияликлар наздида мазза қилиб дам олиш деганидир. Аммо АҚШ хавфсизлик хизмати ходимлари буни тўғри маънода қабул қилишган.

Полиция ходимлари, шунингдек, Брайан томонидан айтилган яна бир жумла, яъни твиттерда ёзилганидек, у АҚШда машҳур актриса Мэрилин Монронинг қабрини ковламоқчи эканлигини суриштиришган. Аммо англиялик сайёҳнинг машҳур “Гриффинлар” комедия мультсериалидан иқтибос келтиргани ҳақида далилларига ҳеч ким ишонмайди. Полиция уларнинг чемоданларини белкурак бормикин, дея обдон текширишади.

Айтишади-ку, ҳазилнинг таги зил. Эҳтиёт бўлинг!