Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида чорва моллари сарсон бўлмоқда

image0464Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси тарқатган хабарда келтирилишича, Ўзбекистон чегарасини Тожикистон тарафдан ноқонуний кесиб ўтишга уриниш ҳолатлари давом этмоқда. Чегара тартибларини бузаётган шахсларга Тожикистон чегарачилари яқиндан ёрдам бермоқда, деб ёзади podrobno.uz сайти.

Ахборотда қайд этилишича, охирги пайтда Ўзбекистон — Тожикистон чегарасида давлат чегарасини бузиб ўтиш ҳолатлари учраб турмоқда. Хусусан, шу йилнинг 7 июнь куни бир гуруҳ номаълум шахслар иккита ов қуроли билан Тожикистондан давлат чегарасини кесиб ўтиб, Ўзбекистоннинг Шут қишлоғига кириб келишган. Натижада улар қурол билан таҳдид қилган ҳолда Ўзбекистон фуқароларини қўлга олишган ҳамда уларга тегишли чорва молларини олиб қўйишган ҳамда Тожикистон Республикасининг Фароб туманига ҳайдаб ўтишган.

14 ва 15 июнь кунлари эса Ўзбекистон чегарачилари томонидан 5 нафар номаълум шахслар давлат чегарасини бузганлиги учун ҳибсга олинган. Улар 1475 бош чорва молни боқиб, онгли равишда мамлакат ҳудудига 1 километр ичкарига кириб кетган.

23 июнь куни Бахмал туманида ҳам икки нафар Тожикистон фуқароси — чўпонлар Ўзбекистон ҳудудига чорвани ҳайдаб олиб кирган. Уларни қўлга олиш жараёнида чорва молларни ташлаб, Тожикистон ҳудудига бекиниб олишган. Эртасигаёқ уч нафар номаълум шахс ов қуроллари билан Ўзбекистон ҳудудига 3-4 километр ичкарига кириб, уч нафар Ўзбекистон фуқаросини — чўпонни қўлга олишиб, 1500 бош қорамолни таҳдид билан ўз мамлакатига ҳайдаб кетишга уринади. Чўпонлардан бири чегарабузувчилар қўлидан қочиб қутилишга муваффақ бўлади ҳамда ўзбекистонлик ҳарбийларга бу ҳақда хабар беради. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида чорва моллар қайтариб олинган, ҳуқуқбузарлар эса қочиб қолишган. Улар 10 нафар Тожикистон чегарачилари бўлган жойда кўздан яширинишади. “Бунинг ўзиёқ тожикистонлик чегарачилар ноқонуний ҳаракатларни режалаштирганидан даракдир”, дейилади ахборотда.

Юзага келган вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон чегарачилари давлатлар ўртасидаги конструктив алоқаларни ривожлантириш мақсадида Бахмал ва Оҳангарон туманларидан қўлга олинган чорва молларни белгиланган тартибда Тожикистон вакилларига етказиб берган. Айни пайтда қўлга олинган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.