Америкаликлар “қора кун”ни унутиб қўйишди

openwalletempty1

Шу кунларда АҚШда ипотека бозори янада жонланиб, инқироздан аввалги ҳолатга қайта бошлагани ҳақида дунё оммавий ахборот воситалари бонг уришмоқда. Уларда яна бир “кўпик” инқирози етишмаяптими, деган ҳақли савол туғилмоқда.

The Economist журналида қайд этилишича, уй-жойларнинг қиймати изчил ошиб бормоқда. “Агар истеъмол, уй-жой нархлари ҳамда иқтисодий фаоллик ишчиларининг ойлик маошига қараганда тез ўсиб борса, бу биз кўпроқ қарз олаётганимиздан ҳамда аҳволимиз беқарорлашиб бораётганидан далолатдир”, деб ёзади журнал. Буни 1990-йиллар билан таққослаш мумкин. Чунки ўшанда ҳар бир америкаликнинг бўйнидаги қарзи даромадининг 83 фоизини ташкил қиларди. 2007 йилда бу рақам 130 фоизга етган эди. Оқибатда нима юз бергани кўпчиликка маълум.

Инқирознинг оқибатларидан бири америкаликларнинг истеъмол қуввати тушиб, улар харажатдан кўра, топаётган маблағларини сақлашга, омонатларда кўпайтиришга алоҳида эътибор қарата бошлаган эди. Масалан, умуммиллий омонатларни сақлаш миқдори 2000—2007 йилларда 2,84 фоиз атрофида турган бўлса, 2008 йилга келиб бу 6 фоизга етди. St. Louis Federal Reserve иқтисодчиси Уильям Эммонсга кўра, истеъмол қувватининг янада жонланиши бироз ҳавотирли, чунки аҳолининг омонатлар йиғиш даражаси яна 2,5 фоизга тушиб кетди.

Журналнинг қайд этишича, иқтисодиёт яхшиланиши ҳақидаги хабарларнинг туб моҳиятида америкаликларнинг “қора кун”ни ёддан чиқариб, кўп сарфлаётгани ётибди. Бу мамлакат барқарор ривожланишда давом этади, дегани эмас.

Уильям Эммонсга кўра, мамлакатнинг барқарор оёққа туриши ва истиқболда инқирозлар юз бермаслигининг олдини олиш учун ўрта синф вакиллари ҳамда кам таъминланган америкаликларни оғир қарзлардан қутилишга ёрдам бериш бу борада яхши “старт” бўлиши мумкин. Чунки федерал ҳукумат инқироздан жиддий зиён кўрган аҳолининг бу қатламига ўз қарзларини реструктуризация қилишларига ёрдам беришнинг уддасидан чиқа олмади. Боз устига, талабаларнинг таълим қарзлари ҳам ваҳимали кўриниш олмоқда.

Иқтисодчиларнинг фикрича, АҚШ иқтисодиётини нафақат жонлантириш, айни пайтда барқарорлигини таъминлаш учун ҳукумат маҳаллий иқтисодиётга кўпроқ инвестиция киритиш ҳамда кўпроқ экспортни қўллаб-қувватлаши керак бўлади. Ҳар қалай бу борада ижобий тенденция кузатилмоқда. Бизнес яна кредит оляпти. Аммо шуни ёддан чиқармаслик керак, аксарият бизнес дивидентларни кўпайтириш ва қарзларни тўлаш учун кредит олмоқда, улар инвестиция киритиш ёки янги ишчини ёллаш учун бу ишни қилмаяпти.