Электр таъминотида узилишлар Тошкент шаҳрига ҳам етиб келди

imgИлгари фақат қишлоқ жойларда аҳоли электр таъминотидаги узилишлар ҳақида шикоят қилинган бўлса, эндиликда бундай арзлар Тошкент шаҳрида ҳам кўп қулоққа чалинмоқда, деб ёзади “Podrobno” ахборот агентлиги.

Агентликнинг ёзишича, Олмазор тумани, айниқса, Қорақамиш даҳасининг бир неча квартал  аҳолиси икки ҳафтаки тузукроқ чироқ нуридан баҳра ололмаяпти. Чироқ ўчиб қолиши қарийб ҳар куни бир неча марта юз бермоқда. Кун бўйи чироқ беришмаган пайтлар ҳам бўлди. “Ахир ташқарида 40 даража иссиқ”, деб ёзади агентлик вакили Темир Исаев.

Аҳоли вакилларига электрнинг бундай “ўйнаб туриши” нафақат ноқулайлик туғдирмоқда, балки маиший техника воситаларининг ишдан чиқишига олиб келмоқда. Қолаверса, бундай иссиқда озиқ-овқат маҳсулотлари айниб қолмоқда. Магазинчиларнинг айтишича, электрнинг йўқлиги натижасида совутгич ва музлаткичларнинг ишламаслиги оқибатида гўшт, сут маҳсулотлари айниб қолмоқда, музқаймоқлар эриб бормоқда. Шу боис сотувчилар тез айнийдиган маҳсулотларни имкон қадар камроқ олишга ҳаракат қилишмоқда, деб ёзади агентлик сайти.

Даҳа аҳолиси муаммонинг сабабини билиш учун тегишли инстанцияларга мурожаат қила бошлаган. Чунончи, Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг айтишича, кондиционерларнинг оммавий электрга уланиши натижасида трансформаторлар бардош бера олмаяпти.

Агентликнинг фикрича, Олмазорда бошқа туманларга қараганда кондиционерлар у даражада кўп эмас. Айрим электриклар фикрича, электр таъминотидаги узилишлар кўп ҳолда трансформаторларнинг ҳаддан ташқари эскириб қолгани ҳамда уларни аллақачон янгилаш зарурати туғилгани боис юз бермоқда.