Нефть ва газ қувурларига рухсатсиз уланганлар жавобгарликка тортилади

    images (17)

    Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари нефть қувурларига, газ қувурларига рухсатсиз уланиш йўли билан ўғирлик содир этганлик, уларга шикаст етказганлик ва уларни яроқсиз ҳолга келтирганлик учун жавобгарлик, шу жумладан, жиноий жавобгарлик жорий этмоқчи. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар тарқатди.

    ЎзЛиДеП фракцияси вакиларининг таъкидлашича, нефть ва газ маҳсулотлари мамлакатимизнинг стратегик муҳим ресурслари ҳисобланади, қувурларга рухсатсиз уланиш йўли билан уларни талон-тарож қилиш эса давлатнинг иқтисодий салоҳияти, аҳоли саломатлиги ва табиий муҳитга таҳдид солади. Бунда қувурлардан оқиб келаётган нефть ва газ конденсатини жиноий йўл билан эгаллаб олиш ижтимоий жиҳатдан катта хавф туғдиради. Ўғирлик содир этиш натижасида етказилган зарардан ташқари қувурга ноқонуний уланиш унга шикаст етказишга ва стратегик аҳамиятга эга бўлган маҳсулотнинг назоратсиз оқиб кетишига олиб келиши авария ишларни ўтказишни, шикаст етказилган объектни тиклашни талаб этади, бунга эса катта маблағлар сарфланади.

    Парламентдаги мухолифат вакиллари — ЎзХДП фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, қувурлардан нефть ва газ маҳсулотларини ўғирлашнинг яна бир жиҳати шундан иборатки, бундай жиноятлар кўп ҳолларда бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилади, чунки улар ўғирланган маҳсулотни сотиш бўйича яхши йўлга қўйилган чакана савдо тармоғига эга. Шу билан бир вақтда, қайта ишланмаган газ конденсатини ёки нефтни талон-тарож қилиш ушбу маҳсулотлар таркибида мавжуд бўлган зарарли моддаларни аҳоли орасида автомобиль ёнилғисининг ўрнини босувчи маҳсулот сифатида тарқатиш манбаига айланади. Боз устига, талабга жавоб бермайдиган сифати паст ёқилғи истеъмолчиларнинг манфаатларига ҳам катта зарар келтиради.

    Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси фикрича, ҳозирги кунда Жиноят кодексида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган ўғирликни содир этганлик учун санкциялар ҳамда нефть ва газ маҳсулотлари қувурларига зарар етказганлик учун белгиланган жавобгарлик амалда содир этилаётган оғир жиноятларга мос эмас.

    Шу муносабат билан, қувурлардан маҳсулотларни талон-тарож қилишга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи жиноий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш зарурлиги мазкур қонун лойиҳаси киритилиши билан изоҳланади. Жиноятларнинг ижтимоий жиҳатдан юқори даражада хавфли эканлигини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳаси нормаларида жиноий ва маъмурий жавобгарлик санкцияларини кучайтириш назарда тутилган.

    Бунда мазкур жиноятларни содир этганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтирибгина қолмай, балки қувурлар устидан назорат қилишнинг энг самарали тизимли чора-тадбирларини ташкил этиш борасида чоралар кўриш мақсадга мувофиқдир.

    Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси вакилларининг фикрича, қонун лойиҳасида электр ва иссиқлик энергиясидан, табиий газдан ноқонуний (ҳисобсиз) фойдаланиш мақсадида электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларини қасддан бузиш ёки ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан шикаст етказганлик учун ҳам тегишли жавобгарлик назарда тутилмоқда.

    Бу ўзгартиш ва қўшимчалар қуйидагилардан иборат:

    биринчидан, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмини нефть ва газ қувурларига ноқонуний уланиш йўли билан ўғирлик содир этганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи банд билан тўлдириш;

    иккинчидан, Жиноят кодексини 255-2 модда билан тўлдириб, нефть ва газ қувурларининг шикастланиши ва яроқсиз ҳолга келтирилиши учун жиноий жавобгарликни кўзда тутиш;

    учинчидан, ҳуқуқий коллизияларнинг олдини олиш учун мазкур моддаларнинг диспозициясини аниқлаштириш, табиий газдан ноқонуний фойдаланишни ўғирликдан ажратиш мақсадида Жиноят кодексининг 185-2 моддаси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

    Матбуот хизмати айнан қандай жазолар кўзда тутилаётганини маълум қилмаган.