Ўзбекистонда интернетда хакерларга қарши UZ-CERT хизмати ташкил этилди

certЎзбекистонда Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази (Uzinfocom) ҳузурида Компьютер ҳодисаларига чора кўриш хизмати (UZ-CERT) ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Унда қайд этилишича, миллий ахборот тизимлари ва интернетдан фойдаланувчилар учун ягона марказ бўлган ушбу хизмат томонидан ахборот тўплаш, таҳлил қилиш, маслаҳат бериш ҳамда техник кўмаклашиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

UZ-CERT хизмати мутахассисларининг айтишича, барча ташкилот фаолиятини батафсил ўрганиш, мувофиқлаштириш кибер-таҳдидларга қарши курашга ёрдам бермоқда. Интернет-фирибгарлик ёки фойдаланувчилар махфий маълумотларидан ноқонуний фойдаланиш энг кенг тарқалган ана шундай хавфлардан ҳисобланади. Бундай қинғир мақсадларга, одатда, сервис ичида машҳур брендлар номидан электрон хатлар ва шахсий маълумотларни оммавий тарқатиш орқали эришилади.

Агентликнинг ёзишича, кибер-жиноят бутун дунёда оддий жиноятларга тенглаштирилмоқда, уларни содир этган шахслар эса қонун бўйича жазоланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш, компьютер тизимига рухсатсиз кириб содир этилган ўғирлик, ахборотни ноқонуний тўплаш, уни ошкор этиш ёки ундан фойдаланиш каби компьютер жиноятлари кўзда тутилган. Жиноятга дахлдорлиги экспертиза томонидан аниқланадиган компьютер, ахборот манбалари – дисклар, флешкалар, IP-манзиллар, тармоқ ускуналари тегишли айбларни қўйишда далил бўлиши мумкин. UZ-CERT хизмати ходимлари кибер-жиноятни текширишда жиноят изини яшириш мақсадида йўқ қилинган маълумотларни қайта тиклайди.

“Кибер-таҳдидларнинг кўплиги ва зарарли дастурий таъминот мавжудлигига қарамай, жиноятчилар кўпинча деярли бир хил мақсад ва вазифаларни кўзлаб иш тутади. Улар тармоқлар базавий узеллари ва ахборот ресурслари ишлаш қобилияти, тизимдаги ахборотнинг бузилишига сабаб бўладиган ҳужумлар, шунингдек, маъмурий имтиёзларга эга бўлишга қаратилган турли тармоқ ҳужумлари ҳамда миллий ахборот ресурслари ва алоҳида хостларга йўналтирилган «хизмат кўрсатишни рад этиш» ҳужумларини (DoS ва DdoS-ҳужумлар) уюштирмоқда. Хакерлар кўп ҳолларда бошқалардан ажралиб туриш ниятида компьютер вируслари ва зарарли дастурларни яратиш ҳамда тарқатишга ҳам тайёр”, деб ёзади ЎзА.

Ахборот муҳити номақбул электрон ёзишмаларни мақсадли тарқатишга асосланган маркетинг тадқиқотлар янги шаклларининг ривожланиши учун қулай соҳага айланди. Ёвуз ниятли шахслар ахборот тизими ҳимоясини бузиб, унинг фаолиятини издан чиқарадиган зарарли дастурларни киритмоқда. Сайтга кираётган фойдаланувчи эса кўпинча яширин хавф остида қолаётганини ўйламайди. Негаки, яхши безатилган ва тегишли равишда тўлдирилган ресурс, бир қарашда, беозор кўрингани билан, катта зарар етказиши мумкин.

Компьютердан фойдаланувчининг тизими ва ускуналарининг ҳимояланиш даражаси унинг ахборот технологияларини яхши билиши, ўз маълумотларини ҳимоя қилиш ҳамда компьютерининг ишлаш қобилиятини сақлай олишига ҳам боғлиқдир. Ихтисослаштирилган ҳимоя дастурлари – антивируслар шахсий компьютерни ҳимоя қилишнинг энг замонавий ва ишончли воситаси бўлиб қолмоқда. Ижтимоий тармоқлар ва бошқа интернет-ресурсларга кириш учун фақат браузерни очишни биладиган фойдаланувчи учун антивируснинг энг муҳим вазифаси – максимал хавфсизликни таъминлаш.

Шу билан бирга, кибер-хавфсизликни таъминлашда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, хусусан, маълумотлар узатиш бўйича глобал тармоқ хизматларини тақдим этаётган, халқаро ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятини яратаётган ва интернет-кафелар ташкил қилаётган турли хўжалик субъектлари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тошкентдаги айрим интернет-кафелар маъмурларининг сўзларига кўра, ахборот хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан биридир. Бунда сигнатуралари ҳар куни янгиланадиган энг сўнгги антивируслардан фойдаланиш яхши самара беради. Шунингдек, лицензияга эга дастурий таъминотдан фойдаланиш ҳам муҳимдир.

Мобиль алоқа тизимларининг шиддат билан ривожланиши, энг янги технологияларнинг замонавий мобиль алоқа қурилмаларига интеграциялашуви мобиль телефонлар учун яратилаётган зарарли дастурий таъминотлар кўпайишига олиб келмоқда. Кўп ҳолларда телефондан фойдаланувчиларнинг телефони зарарли дастурлар билан зарарлангани ёки зарарланмаганини аниқлаши жуда қийин. Профилактика мақсадида ўрнатилган иловаларни тез-тез текшириб туриш, нотаниш иловаларни эса ўчириб ташлаш зарур. Батарея қувватининг тез йўқолиши, интернет мавжуд бўлса-да, маълумотлар трафикининг тезлик билан ошиши, контент-хизматлар ва халқаро хизматларга пулли SMSлар юбориш, тизимнинг аввал ўрнатилган дастурларни қайта ўрнатишни рад қилиши, мобиль қурилманинг автоматик тарзда қайта юкланиши зарарланишнинг энг аниқ белгиларидандир.

Эслатиб ўтамиз, охирги пайтларда Ўзбекистондаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари сайтлари турли хакерлар ҳужумига учраётган эди. Чунончи, 12 июнь куни Ўзбкекистон футбол федерацияси сайти Clone-Security хакерлар гуруҳи томонидан ишдан чиқарилган.