UZINFOCOM: “Янги uMail почта хизмати билан Ўзбекистон интернет фойдаланувчиларини назоратга олмоқчи бўлаяпти”, деган гаплар асоссиз

uMail.uz

Маълумки, шу йилнинг 13 май куни UZINFOCOM маркази миллий домендаги uMail.uz электрон почтасини ишга туширган эди. Ўша куни янги почта тизими синовдан ўтказилди. Ушбу синов пайтида аниқланган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Ушбу почта тизимидан фойдаланиш учун ID.uzда ўз ҳисоб рақаамига эга бўлишлари талаб қилинади.

uMail.uz’нинг пиар-акцияси шу йилнинг 15-16 май кунлари бўлиб ўтган “BESTSOFT — 2013” кўргазмаси доирасида ўтказилди. Шу пайтга қадар Ўзбекистонда inbox.uz, mail.uz сингари электрон почта тизимлари мавжуд бўлса-да, улар у даражада машҳур эмас эди.

Кеча ушбу почта хизматининг ўзбек тилида ҳам фойдаланишга топширилди. “Янги бепул электрон почта хизматининг энг муҳим янгилиги – унинг интерфейси Ўзбек тилида яратилган. Ҳозир жуда кўпчилик Ўзбек тилида электрон почтадан фойдаланаяпти ва биз Юмейл.Уз хизматини очганимиздан буён ундан фойдаланаётганларнинг сони тезлик билан ошиб бораяпти. Яна бир муҳим жиҳати – янги хизмат TAS-IXнинг ичида жойлашган”, деб интервью беради UZINFOCOM маркази масъули Евгений Скляревский BBCUzbekга.

“Энди биз биз ташқи Интернет каналини тўлдирмаймиз ва хатлар бир-биримизга тез етиб боради. Кимки Ўзбекистоннинг ичкарисидаги интернет макони UzNETдан фойдаланса, унинг ҳисобига интернетдан фойдаланиш траффиги учун ҳақ ёзилмайди”, деди жаноб Скляревский.

UZINFOCOM маркази масъули янги электрон почта хизматининг жорий этилиши Ҳукуматнинг Ўзбекистон ичкарисидаги интернет фойдаланувчилари устидан назоратни кучайтириш амалларидан бири сифатида талкин килинаётганини рад этган.

“Биласизми, ҳар бир давлатнинг ўзининг хавфсизлик сиёсати бор ва тақиқланган интернет саҳифаларга кириш йули тўсилганини сиз Россияда ҳам кўришингиз мумкин. Ҳатто энг ривожланган мамлакатларда хам сиз қандайдир чеклов мавжудлигини кўрасиз, бу мамлакатда қабул қилинган қонун бажарилиши талаб килинади. “Янги хизмат билан Ўзбекистон интернет фойдаланувчиларини назоратга олмоқчи бўлаяпти”, деган гаплар асоссиз, тўқиб чиқарилган гаплар. Агар махсус хизматлар қайсидир электрон почтани ўқишни хоҳлашса, бу почта қаерда жойлашганидан қатъи назар, унга кириб ичида ёзилган нарсани ўқишга қодирлар”, дейди компания масъули.