Иордания терма жамоаси бош мураббийи Аднан Хамад Maжид Ал-Аббаси истеъфога чиққанини маълум қилди. Иордания терма жамоаси ўз уйида Уммон терма жамоасини мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпионати учун курашни плей-оффда давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритгач, Аднан Хамад терма жамоадан кетишини маълум қилди. Гарчи иорданияликлар илк бора бу босқичда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса-да, мураббий шунга қарор қилган.
“Бу менинг Иордания терма жамоаси бошқарувидаги сўнгги учрашувим эди.
Бу учрашувда ғалаба қозонишдан бахтиёрман. Мухлислар фантастик тарзда бизни қўллаб-қувватладилар ва биз гуруҳда учинчи ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлдик.
Уммонга қарши ўз уйимиздаги учрашув осон кечмади. Чунки Уммон терма жамоаси улкан иқтдорга эга ва плей-оффга чиқиш учун қаттиқ кураш олиб борди. Биз ҳам катта ҳажмдаги ишни бажардик ва футболчиларимизнинг жанговар кайфияти туфайли ғалабага эриша олдик”, – дейди Аднан Хамад.
Эслатиб ўтамиз, Иордания ва Ўзбекистон терма жамоалари ўз гуруҳларида 3-ўринни қўлга киритдилар ва Жанубий Американинг бешинчи жамоасига қарши майдонга тушиш учун плей-оффда кураш олиб борадилар. Ушбу учрашувлар 6 ва 10-сентябрь саналарида бўлиб ўтади. Ўзбекистон терма жамоаси дастлаб меҳмонда, сўнгра ўз уйида майдонга тушади.
Ғолиб чиққан жамоа КОНМЕБОЛ вакилига қарши 15 ва 19-ноябрь саналарида кураш олиб боради. Бу босқичдаги учрашувлар аввал ОФК вакили майдонида, сўнгра Жанубий Америкада ўтказилади.
Манба: www.sport.ahram.org.eg