Ички ишлар вазирлиги “ғалаён келтириб чиқармаётган”лигини айтди

2_05579_

Шу йилнинг 3 июнь куни uzmetronom.com сайтида “ИИВ ғалаёнлар келтириб чиқармоқчими?” сарлавҳали хабар эълон қилинди. Унда қайд этилишича, Ўзбекистонда автомобиль эгаси машинада қатъий белгиланган тартибда сертификатланган ўт ўчиргич, шунингдек, аптечка ва авария ҳолати белгисини олиб юришга мажбур. Сайтнинг ёзишича, агар улар тегишли талабга жавоб бермаса, қаерда ёки ким томонидан  ишлаб чиқарилганидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан тан олинмайди. Яна 400 минг сўм миқдорида жаримага тортилади.

Айни чоғда сайт ушбу воситалар Тошкент шаҳрида учта фирмада сотилишини ёзғиради. Сайт экспертлари ушбу фирмалар ортида ИИВ амалдорлари турган бўлиши мумкинлигини айтишади.

Сайт ана шулардан келиб чиқиб, ИИВни ҳокимиятга қарши одамларда норозилик қўзғатаётликда айблайди.

Ушбу хабардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида мазкур идоранинг расмий раддияси эълон қилинди.

“Узметроном.ком сайтидаги “Ички ишлар вазирлиги ғалаёнлар келтириб чиқармоқчи” мақолага”, деб номланган ахборотда  амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»да ҳар бир транспорт воситасида мавжуд бўлиши лозим бўлган жиҳозлар кўрсатиб ўтилган. Жумладан, автобус, микроавтобус, юк ва енгил автомобилларда тиббиёт қутичаси(аптечка), ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганни билдирувчи белги бўлиши лозим.

«Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом»га асосан автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш жараёнида, шунингдек, транспорт воситаларини рўйхатга қўйиш вақтида мана шу жиҳозларнинг мавжудлиги ва давлат стандарти талабларига жавоб бериши албатта текширилади.

Ички ишлар вазирлиги, жумладан, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўз ваколати доирасида йўл ҳаракат иштирокчиларининг мавжуд қонунларга, қоидаларга, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи талабларга риоя этиши устидан назорат олиб боради.

Бирламчи ўт ўчириш воситаси, тиббиёт қутиси ва мажбурий тўхтаганликни билдирувчи белгилар мамлакатимиз бозорларида, дорихоналарда, автомобиль эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи дўконларда сотилмоқда. Уларнинг нархини ҳам савдогарларнинг ўзлари, маҳсулотнинг сифати, кўриниши ва тўланадиган солиқларини ҳисобга олган ҳолда белгилашади. Тиббиёт қутисидаги дори-дармонларнинг тури эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан махсус буйруқ билан тасдиқланган. Бу жиҳозлар ҳайдовчи ва йўловчиларни турли кўнгилсизликлардан асрашга хизмат қилишини назарда тутадиган бўлсак, уларни мавжуд бўлиши ҳар бир ҳайдовчи учун, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

P.S.: Умуман, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан расмий баёнот бераётгани олқишга сазовордир.