Қозоғистонда 11 яшар ўзбекистонлик бола оила боқувчисига айланди

    photo_91846

    Остонада Ўзбекистондан келган кўп фарзандли оиланинг қора қозонини қайнатиш 11 яшар Муҳаммад Абдуллаевнинг елкасига тушади.

    КТК телеканалига асосланиб, CA-News сайтининг ёзишича, оила бошлиғи — отани миграция қонунчилигини бузганлиги учун қамоққа тиқишган.  Шундан сўнг оила таъминоти 11 яшар ўғил Муҳаммадга ўтади. У ҳар куни пойтахт кўчаларида тарозида одамларнинг оғирлигини ўлчаб берар ва тушган пулга онасини ҳамда икки укаси ва бир нафар синглисини боқарди.

    У ҳар куни шу юмуш билан машғул бўлар, қаҳратон совуқдагина кўчага чиқмаган, холос. Бола онаси чорасизликдан укаларини ва уни болалар уйига топшириб юборишидан қўрқиб, тинимсиз ишлашга мажбур бўлган. Ҳар куни у ўртача 500-1500 танга пул топган. Ўша пулга оила яшаган, кийинган, қора қозон қайнатишган.

    Муҳаммад онаси Нозгул Искандарованинг айтишича, “У жуда ақлли бола. Худо менга уни бергани учун шукр айтаман. У бошқаларга ўхшамайди, топган пулига ўзига ҳеч нарса харид қилмади, ҳар куни 8 да кўчага чиқиб кетарди, 6-7 да уйга қайтиб келарди. “Ўзингга бирон нарса олдингми? Овқатландингми?” деб сўрардим. “Йўқ, ойи, олмадим. Пул йиғишим керак, укамнинг оёқ кийими адо бўлаяпти”, деб айтарди.

    Оилада ҳамма нарса ўз ўрнида бўлган кезлари Муҳаммад спорт  билан шуғулланар, совринли ўринларни қўлга киритарди. Муаммоларнинг барчаси отанинг — Ўзбекистон фуқароси ўз ҳужжатларини пойтахтда йўқотиб қўйишидан бошланди. У Ватанига бориб, ҳужжат тўғрилашга йўл олганда, чегарачилар томонидан миграция қоидаларини бузганлиги учун ҳибсга олинади. Онаси Нозгул эса тўрт нафар фарзанди билан Қозоғистонда ҳеч вақосиз қолади. Муҳаммадни эса полиция вакиллари навбатдаги рейд пайтида тарози билан ушлаб олишади. Одатда бола меҳнатидан фойдалангани учун ота-онага маъмурий жавобгарликка тортилади. “Аммо бу гал қонун бўйича эмас, балки виждон амрига қараб иш тутилди”, деб хабар беради КТК.

    Астана шаҳри бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш департаменти директори Риста Жумабекованинг айтишича, қўлида тўрт нафар бола билан қолган аёлни жазолаб бўладими? Уни жазолаш эмас, оилага балки ёрдам бериш керак.

    Телеканал хабарига кўра, ота ўз ҳужжатларини тўғрилаб, қайтиб келибди. Қозоғистон фуқаролиги учун ҳужжат топширишни ният қилган. Иш изламоқда. Муҳаммад эса энди бемалол ўқиш ва спорт билан шуғулланиши мумкин, деб ёзади интернет сайти.