Талабаларнинг Ватанга қайтишга бўлган хоҳишига сабаб нимада?

f7a0a54c92471ac4480e727e4ccf93df_XL

Яқинда россиялик таниқли сиёсатшунос Василий Крюков Германиянинг Марбург шаҳрига тариф буюриб, машҳур олим талабалик даври кечган жойларни кўздан кечиради. Бу шаҳар шунчаки буюк рус олимлари таҳсил олган жой эмас, балки бу ерга дунёни кашф қилиш учун келган талабалар бу ерда таҳсил олиб, кейин ўз она-юртлари илм-фанига катта ҳисса қўшган.

Сиёсатшунос олим Марбургда Ўзбекистондан ва Россиядан келиб таҳсил олаётган рус талабалар билан учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқади. “Уларнинг ўз келажаклари ҳақида мулоҳаза юритишлари мени даҳшатли парадоксни англаб етишга ундади. Гап шундаки, Ўзбекистондан келган рус талабасида ёруғ юз, равшан кўзлар ҳамда қатъий ишонч кўриниб туради. Гап-сўзларидан, фикрлашларидан шунга амин бўлдимки, улар, албатта, Ўзбекистонда яшаш ва ишлаш учун қайтиб кетишади, чунки у ерда ҳаммаси яхши. Тула ва Ивановадан ташриф буюрган талабаларда эса бунинг аксини кўрсатди. Уларнинг аксарияти Ватанга қайтиш улар учун даҳшатли туш бўлиши мумкинлигини айтган. Улар Россияда ҳеч қандай келажак кўрмаслигини ва шу боис Германияда қолиш учун қўлидан келганини қилишини қайд этди. Айни пайтда уларнинг кўзлари қандайдир нурсиз эди”, деб хулоса қилади Василий Крюков.

Сиёсатшунос “Биз Ўзбекистонни анчадан бери руслар камситилаётган мамлакат сифатида қабул қиламиз. Аммо талабаларнинг дунёқарашлари шуни кўрсатдики, замонавий Россияда руслар кўпроқ камситилар экан…”, деб ёзғиради. “Йўқса, бундай ёш авлод вакилларида иложсизлик, умидсизлик қандай бўлиши мумкин?”, деб савол қўяди.

Муаллифга кўра, албатта, бу талабаларнинг айби эмас, балки жамият ва давлатнинг айбидир.

Албатта, бугун Ўзбекистондан чет элга бориб, ўша ерларда қолиб яшаш ва ишлашни хоҳловчилар ҳам йўқ эмас. Лекин рус сиёсатшуноси дилини оғритган ва бизни қувонтирган ҳолат: ёшларимизнинг ўз келажагига ишончи ва тушкунликка тушмаслигидир. Албатта, бугун Россияда мамлакатимиздан бораётган мигрантлар, қолаверса, рус ОАВ томонидан Ўзбекистонга қарата олиб борилаётган турли ахборот хуружлари россияликларда Ватанимиз ҳақида нотўғри қарашларнинг шаклланишига хизмат қилмоқда. Албатта, биз бу ҳақда кейинроқ бир қайтамиз.

Ўзбекистонда ҳар йили меҳнат бозорига ўртача 500 минг киши чиқади. Олий таълим муассасалари уларнинг бор-йўғи 60 минг атрофидагичи олий таълим билан қамраб олишга мажбур. Иш ўринлари учун рақобат анча катта. Уларга тўланаётган ойлик-маошларни у даражада кўп деб бўлмайди. Лекин ёшларимизнинг Ватанга қайтишга интилишини нима билан изоҳлаш мумкин?

Аввало, фикримизча, Ўзбекистонда жамият таъсирининг кучли эканлиги, оилавий қадриятларнинг анча чуқур илдиз отгани ёшларимизнинг, албатта, Ватанига қайтишга ундаб турадиган биринчи омиллардан ҳисобланади. Оилавий қадриятлар бунда муҳим ўрин эгаллайди.

Яқинда Швейцарияда таҳсил олиб қайтган талаба билан суҳбатлашиб қолдим. Ундан нега бундай қарорга келганини ажабланиб сўрасам, “Шунчаки, Ўзбекистонда карьера қилишни хоҳлайман”, деб жавоб берди. Ўзига яраша тўқ оила фарзандининг ўз қарорига зиғирча шубҳа билан қарамаслиги каминани ҳайратлантирди.

Хўш, аксарият ёшларимиз чет элда таҳсил олиб, нега Ўзбекистонга қайтишга интилишади? Фикрингиз биз учун қадрли…

Мурод ҒОФУРОВ.