Хорижнинг 44 товари ўзбек тилида “гапиради”.

phpXTdiYe

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 13 майдаги “Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган, янги рўйхат бўйича мажбурий маркировка қилиниши шарт бўлган истеъмол товарлари сони 44 та етди.

Ўзбекистонда товарни ўзбекча маркалаш амалиёти қўлланилаётганига ўн йилдан ошди. Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб келишни такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори билан 2003 йил 1 январидан бошлаб импорт қилинадиган 11 турдаги истеъмол товарларини давлат тилида мажбурий маркалаш жорий этилган эди.

Эндиликда улар қаторидан гўшт, сут маҳсулотлари, табиий асал, мева ва сабзавотлар, уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар, ёғ ва ўсимлик мойлари, шакар ва қандолат маҳсулотлари, шоколад, какаоли маҳсулотлар, пишириқлар, алкоголли ва бошқа ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, туз, дори-дармонлар, пиротехника воситалари, ошхона идишлари ва анжомлари, маиший техника буюмлари, болалар ўйинчоқлари ва бошқа турдаги истеъмол товарлари ўрин олди.

2013 йил 1 июлгача эркин муомалага чиқарилган ёки ушбу санага қадар “вақтинча сақлаш” божхона режимига жойлаштирилиб, 1 июлдан кейин эркин муомалага чиқарилган истеъмол товарлари давлат тилида маркировка қилинмасдан чакана савдо тармоғида 2014 йил 1 январгача сотилиши мумкин.

Мажбурий тартибда давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган, импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилмасдан мамлакат ҳудудида сотиш тақиқланди. Яъни уларни давлат тилида маркировка қилмасдан сотиш савдо қоидаларини бузиш ҳисобланади.

Истеъмол идишига қўйиладиган маркировкада товар тўғрисида маълумотлар акс этиши керак. Товарнинг асосий истеъмол хусусиятлари, ишлаб чиқарилган санаси, ишлаб чиқарувчининг (бажарувчининг) кафолат мажбуриятлари, товардан самарали ва хавфсиз тарзда фойдаланиш қоида ва шартлари, товарни ишлатиш (унинг яроқлилик) муддати, ишлаб чиқарувчи (бажарувчи, сотувчи) ва истеъмолчидан даъвони қабул қилиш юзасидан улар томонидан ваколат берилган, шунингдек, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини бажарувчи корхоналарнинг манзиллари, сақлаш ва хавфсиз утиллаштириш усули ҳақидаги маълумотлар шулар жумласидандир.

Товар маркировкаси (этикетка, бирка, лейбл)да ва истеъмолчи учун фойдаланишга доир илова ҳужжатларидаги ахборот, товарнинг тури ва техник жиҳатдан мураккаблигига қараб, бевосита муайян товарга матн кўринишидаги ҳужжат (паспорт, формуляр, қўллаш учун кўрсатма ва бошқалар) сифатида илова қилинади.

Мажбурий маркалаш аҳолига сотиш учун мўлжалланмаган ҳамда юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, хорижий юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ва ишлаб чиқариш ёки бошқа тижорат фаолияти учун мўлжалланмаган истеъмол товарлари, хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари, халқаро ва Ҳукуматлараро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг ушбу ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар томонидан расмий тарзда (хизмат доирасида) фойдаланиш учун, шунингдек, уларнинг ходимлари учун олиб кирилаётган истеъмол товарлари, кўргазма намуналари, синовлар, тадқиқотлар ва маркетинг учун намуна сифатида олиб кирилаётган истеъмол товарларига нисбатан қўлланилмайди.